Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади

20

Бугун, 2026 йил 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга доир қатор масалалар киритилган.

Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгилаб олинади ҳамда Сенатнинг 2025 йилдаги фаолияти  сарҳисоб қилинади.

Сенаторлар  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, спортни оммалаштириш, шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонунларни кўриб чиқади.

Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга оид қонун ҳужжатларига  ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари кун тартибидан ўрин олган.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш, 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар, ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижросининг муҳокама этилиши режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш ишларини тартибга солиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.

Ялпи мажлис доирасида сенаторлар Конституциявий суд ва Олий суд таркибларига ўзгартиришлар киритиш масалаларини ҳам муҳокама қилади.

Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

Н.Абдураимова,

Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА