Фуқаролар мурожаати – Суд эътиборида

20

Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси Р.Камалова томонидан Олтинсой овул фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди. Ушбу қабулдан кўзланган асосий мақсад – фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатларини бевосита эшитиш, уларга қонунчилик доирасида амалий ва ҳуқуқий тушунчалар беришдан иборат.

Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан турли масалалар бўйича мурожаатлар билдирилди. Хусусан, алимент ундириш тартиби, суд томонидан тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ер участкаларини ноқонуний ўзлаштиришнинг ҳуқуқий оқибатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида суд раиси томонидан фуқароларга ҳар бир масаланинг қонунчилик асослари батафсил тушунтирилди. Айниқса, судга оид масалаларнинг белгиланган муддатларда ва тегишли суд инстанцияларида кўриб чиқилиши зарурати ва мурожаатлар бўйича суд муҳокамасига аралашиш мумкин эмаслиги бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг ҳуқуқий тартиби, суд ишларини юритишда қонунийлик ва холислик принципларига қатъий риоя этилиши, шунингдек, коррупциявий жиноятларнинг олдини олиш, уларга муросасиз муносабатни шакллантириш масалалари бўйича ҳам ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилди.

Бундай сайёр қабуллар аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, суд органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги