Олий таълим сифатини таъминлаш тизими халқаро стандартлар асосида мустаҳкамланмоқда

21

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ходимлари ҳамда олий таълим ташкилотларининг таълим сифатини ошириш бўлими бошлиқлари учун “Сифатни таъминлаш тамойиллари” мавзуида икки кунлик малака ошириш машғулотлари бўлиб ўтди.

Машғулотлар Буюк Британиянинг Quality Assurance Agency (QAA) ва British Council ташкилотларининг малакали экспертлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Олий таълимда сифатни таъминлашнинг халқаро тамойиллари бўйича мустаҳкам назарий ва амалий асос яратиш мақсадида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар ички ва ташқи сифатни таъминлаш тизимлари, баҳолаш жараёнларида далилларга асосланган ёндашувлар, манфаатдор томонлар билан ишлаш ҳамда маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш масалаларини чуқур ўрганди.

Дастур интерактив амалий машғулотлар, гуруҳ муҳокамалари ва кейс-таҳлиллар асосида олиб борилиб, иштирокчилар Европа стандартлари ва йўриқномалари (ЕСГ) ҳамда Ўзбекистонда шаклланиб бораётган сифат стандартлари ўртасидаги уйғунлик ва фарқларни таҳлил қилиш имкониятига эга бўлди.

Шунингдек, ташқи баҳолаш жараёнлари, баҳолаш мезонлари ва рейтинг воситаларини ишлаб чиқиш, ҳисоботларни холис ва далилларга таянган ҳолда тайёрлаш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланди.

Машғулотлар давомида сифатни таъминлаш жараёнида ҳалоллик ва шаффофлик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек, маълумотлар хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш каби тамойилларга эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, талабалар, иш берувчилар ва бошқа манфаатдор томонларни сифатни таъминлаш жараёнларига жалб этиш ҳамда улар билан самарали мулоқот олиб бориш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди.

Барча сессияларда тўлиқ иштирок этган тингловчиларга сертификат топширилди.

Гулноза Бобоева, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА