Илм-фан салоҳиятини оширишда “MUNIS” лойиҳасининг ўрни

28

“MUNIS” — “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси илм-фан, технология ва инновациялар соҳасини тубдан янгилашга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади. Лойиҳа доирасида илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Жаҳон банки вакиллари билан  “MUNIS”  лойиҳасини амалга ошириш натижалари ҳамда унинг иккинчи босқичини ишга тушириш истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов, Жаҳон банки экспертлари Йерали Бексултан, Анна Убайдуллаева ва Гауҳар Оспанова, шунингдек, “MUNIS” лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари Дилшод Азгаров иштирок этди.

Мулоқот давомида миллий инновацион экотизимни мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот инфратузилмасини ривожлантириш, илмий ташкилотлар салоҳиятини ошириш ҳамда илмий фаолият натижаларини тижоратлаштиришга қаратилган “MUNIS” лойиҳасининг асосий ютуқлари муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг институционал ва ташкилий жиҳатлари, асосий манфаатдор томонлар билан самарали ҳамкорлик тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, илмий ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, хусусий сектор ҳамда халқаро ҳамкорлик ролини кучайтиришга қаратилган “MUNIS” лойиҳасининг иккинчи босқичи устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА