Қаззофийнинг ўғли ҳам ўлдирилди (+видео)

6

Ливия ОАВлари мамлакатнинг марҳум етакчиси Муаммар Қаззофийнинг ўғли, Сайф ал-Ислом Қаззофий тўрт нафар қуролланган шахс томонидан ўлдирилганини тасдиқлади. Сайф Қаззофийнинг сиёсий маслаҳатчиси Абдулла Усмон Facebook саҳифасидаги қисқа хабарида қотиллик содир бўлганини тасдиқлади, аммо ҳодиса тафсилотлари ёки ижрочилар ҳақида маълумот бермади.

Al Hadath телеканали Қаззофий оиласига яқин шахслар берган маълумотларга таяниб, Сайф ал-Ислом ўз қароргоҳига яқин жойдаги боғда ўлимга олиб келувчи жароҳат олганини тасдиқлади. Ҳужумчилар сони тўрт нафар бўлиб, уларнинг барчаси воқеа жойидан тезда қочиб кетган. Al Jazeera телеканали эса суиқасддан олдин Қаззофий уйидаги барча видеокузатув камералари ишдан чиқарилганини маълум қилди.

1972 йилда туғилган Сайф ал-Ислом Ливияни узоқ йиллар бошқарган Муаммар Қаззофийнинг иккинчи ўғли эди. У Лондон иқтисодиёт мактабида докторлик даражасини олган ва Қаззофий режимида ислоҳотчи сифатида танилган. Отаси Муаммар Қаззофий 2011 йилда НАТО қўллаб-қувватлаган халқ қўзғолони натижасида ҳокимиятдан ағдарилган ва кейинчалик фуқаролик урушига айланган жанглар чоғида ўлдирилган.

2011 йил Франция ҳукумати Ливия мухолифатини расман тан олганидан сўнг, Сайф ал-Ислом Euronews телеканалига интервью берди. У суҳбат чоғида Франция президенти Николя Саркозидан Ливия томонидан сайлов кампаниясини молиялаштириш учун берилган пулларни қайтаришни талаб қилган эди.

Сайф ал-Ислом 2011 йил охирида Нигерга қочишга уриниб, Ливия ғарбидаги Зинтан шаҳрида исёнчилар томонидан қўлга олинган. У 2017 йил июнь ойида озод қилинган ва шундан бери Зинтанда яшаб келаётган эди.

Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА