Харбий хизматчилар ва талабалар «Заковат»да беллашди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Маънавият ва маърифат марказида буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан Нукус гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда Нукус инновацион технологиялар университети талабалари иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар Алишер Навоийнинг ўзбек адабиёти, тилшунослик ва умуман жаҳон маданияти ривожидаги беқиёс ўрни ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Унинг асарларида инсонпарварлик, адолат, ватанпарварлик, илм-маърифатга интилиш каби юксак ғоялар мужассам эканлиги таъкидланди.
“Заковат” интелектуал ўйини ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида миллий адабиётимизга, хусусан, шоир ижодига бўлган қизиқишни янада ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, маънавий дунёқарашини бойитиш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдан иборат бўлди.
Интеллектуал беллашувда иштирокчилар бир неча жамоаларга бўлинган ҳолда Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг машҳур асарлари, тарихий шахслар, миллий қадриятлар ҳамда умумий билимларни қамраб олган саволларга жавоб беришди. Ўйин давомида иштирокчиларнинг билим даражаси, тезкор фикрлаш қобилияти ва жамоа бўлиб ишлаш кўникмалари ҳар томонлама синовдан ўтказилди.

Тадбир якунида энг юқори натижаларга эришган жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги