Инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигига оид қарорлар қабул қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш мумкинми?

27

2026 йил 21 январда “Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:

– Сунъий интеллект иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, саноат, транспорт, экология ҳамда давлат бошқарувидан тортиб, ахборот майдонига ҳам жадал кириб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишда халқаро тенденцияларга мос равишда ўз сиёсатини олиб бормоқда. Жумладан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ва уларни соҳалар кесимида қўллаш имкониятини ошириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Соҳада илмий йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Кейинги йилларда сунъий интеллект технологияларининг шиддат билан ривожланаётгани ва оммалашаётгани, мазкур соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш заруратини вужудга келтирди.

Шу заруратдан келиб чиқиб мазкур қонун ишлаб чиқилди. Қонун билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилаш ҳамда ушбу соҳадаги давлат органининг ваколатларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда “сунъий интеллект” тушунчасига таъриф берилди. Сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, ҳуқуқий, технологик ва иқтисодий асосларни белгилаш – ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Ахборотлаштириш соҳасидаги махсус ваколатли органнинг сунъий интеллект соҳасидаги учта асосий вазифаси белгиланди.

Булар, биринчидан, сунъий интеллект йўналишига инвестицияларни жалб қилиш учун шароитлар яратиш, кккинчидан, давлат органларининг маълумотларини сунъий интеллект асосида қайта ишлаш учун техник инфратузилма шакллантириш, учинчидан, суъий интеллект йўналишида кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш, шунингдек, қонун билан ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибининг умумий қоидаларидир.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, қонунга кўра, сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ҳамда бу соҳадаги ахборот тизимлари инсонга, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни ҳамда қадр-қимматига путур етказмаслиги ва унинг бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслиги шарт.

Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида қонунга хилоф равишда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ОАВ ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатишга йўл қўймаслик мажбурияти белгиланди.

Қонун сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантириш, улардан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилаш ҳамда мазкур соҳада юзага келадиган муносабатларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА