Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари муҳокама қилинди

Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифалар ижроси билан танишиш ҳамда ҳудуд фаоллари билан учрашиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ушбу туманда бўлди.
Дастлаб республикамиз раҳбари Жузимбоғ овул фуқаролар йиғини ҳудудида 5 гектар майдонда Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан янгидан барпо этилаётган «KEGEYLI GREEN HOUSE» иссиқхонасининг қурилиш ишлари билан танишди.
Шундан сўнг Бахитли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ёшларни хорижий тилларга ўқитиш ва янги ташкил этилган «IТ-Марказ» фаолияти, Халқобод шаҳарчасидаги шифохонада халқимиз учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Танишув давомида Ичан қалъа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кичик саноат зонасида амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларнинг бориши ҳам кўриб чиқилиб, мутасаддиларга тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ топшириқ берилди.
Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси аҳоли учун маданий дам олиш масканларини ташкил этиш йўналишида Жилвон жап МФЙ ҳудудида «Зарбдор тажрибаси» асосида канал бўйида дам олиш маскани ва Нурли бўстон аҳоли пункти ҳудудида дам олиш маскани ва янги хизмат кўрсатувчи субъектларни ташкил этиш лойиҳалари билан яқиндан танишди.
Шу билан бир қаторда, туманда амалга оширилаётган қурилиш ишлари, хусусан, «Янги Ўзбекистон» массивидаги кўп қаватли уйларни қуриш, Халқобод посёлкасидаги кўп қаватли уйлар учун канализация тармоқларини қуриш ишлари кўриб чиқилиб, қурилиш ишларини ўз вақтида, сифатли қилиб тугатиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Бундан сўнг, маҳаллалардаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш йўналишида ҳар бирига 3 млрд. сўмдан ажратилган Жанабозор ва Абат овул фуқаролар йиғинлари фуқаролари билан учрашиб, ажратилган маблағларнинг ўз ўрнида ишлатилишини назорат қилишда маҳалланинг нуроний оқсоқоллари, ёши улуғлари фаол иштирок этиши кераклиги таъкидланди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ва бундан олдинги йиғилишда берилган топшириқларнинг ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб, аввал белгилаб берилган топшириқларнинг бугунги кундаги ижроси, маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, давлат дастурлари доирасида лойиҳаларнинг амалга оширилиши, фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича вазифалар ижроси масалалари танқидий кўриб чиқилди. Шу билан бирга, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, камбағалликни қисқартириш, янги корхоналар фаолиятини ташкил этиш, кўп қаватли уй-жойлар қуриш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳам топшириқлар ижроси масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда бу ишларни амалга оширишда айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани танқид қилиниб, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим масъулларга интизомий жазо чораси қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги