Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар бажарилди?

8

Миллий матбуот марказида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифалар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Сўнгги йилларда оилавий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини кучайтиришга қаратилган тизимли  ўзгаришлар олиб борилмоқда.

2025 йил давомида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу йўналишларда кенг кўламли, манзилли ва тизимли ишлар амалга оширилди. Асосий эътибор ҳар бир хотин-қиз ва ҳар бир оиланинг муаммосини жойида ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда барқарор даромад манбаларини яратишга қаратилди.

Шу билан бирга, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш борасида ҳам аниқ ва самарали чора-тадбирлар кўрилди.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, бизнесини ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оилалар даромадини ошириш мақсадида олиб борилган тизимли ишлар натижасида 2025 йилда 2,3 миллион нафар хотин-қизга даромадли меҳнат билан таъминлашга кўмаклашилди ва 2024 йилга нисбатан 2,4 бараварга ортди. Шундан, 735 минг 700 нафар хотин-қиз бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди.

Марказий банк, Давлат активлари агентлиги билан биргаликда “Аёллар корпоратив форуми” концепцияси ишлаб чиқилиб, хонадонларда 4 231 та кичик ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, 140 та Ҳунармандчилик саноат марказлари ташкил этилди. 1 минг 160 та маҳаллада Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ишга туширилди.

Марказлар фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрь куни тегишли  фармони қабул қилинди. Бугунги кунда фармон ижросини тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш мақсадида ишлар ташкил этилмоқда.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, оилани мустаҳкамлаш борасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини олдини олиш бўйича  416 та тақдимнома киритилди, 326 тасига таъсир чоралари кўрилди.

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида ижтимоий профилактика доирасида  215 минг 896 нафар аёлларга ижобий якуний хулосалар берилди. Судларга киритилган  737 та даъво аризаларининг 683 тасига  асосан суд қарорлари қабул қилинди.

Низолашаётган 39 410 та оилалар муаммолари ҳамкорликда тизимли ўрганилиб, тегишли тартибда ёрдамлар кўрсатилди.

Такрорий зўравонликни олдини олиш мақсадида хотин-қизларга нисбатан зўравонлик содир этган  9237 нафар шахслар тузатиш дастуридан ўтишга йўналтирилди. Ҳуқуқбузарлик содир этган 37 368 нафар хотин-қизлар профилактик ҳисобдан чиқарилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, муқаддам судланган, пробация ҳисобида турган ҳамда  миграциядаги хотин-қизлар ва уларнинг оилаларига зарур ёрдам  бериш чоралари кўрилди.

Бугунги кунда 9008 та маҳаллаларда 5 705 нафар хотин-қизлар фаоллари маҳалла еттилиги таркибида ҳамкорликда тизимли ишларни олиб бормоқда.

Улар томонидан “Хонадонбай” ишлаш натижасида 1 808 250 та муаммолар аниқланиб, 1 770 537 таси ҳал этилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган 1 022 476 нафар хотин-қизларнинг 1 020 981 нафарига (99,9 фоиз) амалий ёрдам кўрсатилди.

“GAP” аёллар IT клуби лойиҳаси доирасида “Аёллар дафтари” ҳамда “Камбағал оилалар реестри”га киритилган ва бошқа хотин-қизларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, сунъий интеллект ва АТ соҳасидаги бошқа йўналишларда малакасини ошириш бўйича 28 та видео дарсликлар ишлаб чиқилди ва ўқув машғулотлари ўтказилди.

Қўмита томонидан аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ўртасида соғлом ҳаёт тамойилларини тарғиб этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш ҳамда Спорт вазирликлари билан ҳамкорлик дастурлари қабул қилинди ва бажарилиши таъминланди.

“Яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш тўғрисида”ги чора-тадбирлар режаси  асосида ташкил этилган 35 мингдан ортиқ давра суҳбатларида 215 минг 92 нафар иштирокчилар жалб қилинди.

Қўмита қошидаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан “Эрта ва яқин қариндошлар ўртасида никоҳга қарши бирга курашамиз”, “Соғлом оила  – келажак пойдевори” номли илмий-методик қўлланмалар, “Оилада ўзаро ишонч ва ҳурматни сақлайлик”, “Бахтли оила сирлари”, “Соғлом оилавий муносабатлар”, “Оилавий муносабатларни мустаҳкамловчи қадриятлар” каби 14 минг нусхадан ортиқ буклетлар маҳалладаги хотин-қизлар фаолларига етказилди.

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти билан биргаликда ёш оилаларда миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор оилаларни шакллантиришга қаратилган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси жорий этилди.

Масъулиятли ота-оналик” веб-сайти ва мобил иловаси ишлаб чиқилиб, 5 модулдан иборат онлайн ўқув курслари жорий этилди.

Матбуот анжуманида аёллар манфаатларини турли йўналишларда ҳимоялаш, уларни спортга жалб этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги амалий ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари