Буғдойнинг ҳосилдорлиги уруғнинг сифатига ҳам боғлиқ

15

«Уруғчиликни ривожлантириш маркази» Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йилдан бошлаб янги тизим бўйича уруғлик ғалла майдонларида ўтказилган апробация тадбирлари «E-urug‘» электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда.

– 2026 йил ҳосилидан уруғлик дон етиштириш мақсадида туманларда қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасида «E-urug‘» платформаси орқали танловлар ўтказилди, – дейди «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош мутахассиси Бердибек Наубеев.

Унга 123 та субъект ариза топшириб, шундан 119 та субъектнинг 4639 гектар ери уруғлик ғалла етиштириш учун танлаб олинди. Ўтказилган танлов натижалари бўйича ғолиб деб топилган 119 та уруғчилик субъекти томонидан 4639 гектар майдонга уруғлик ғалла экилиб, бугунги кунда парваришлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўтган йилнинг декабрь ойида уруғлик буғдой экилган майдонларда унинг ривожланиш фазалари ва олиб борилаётган агротехник тадбирларнинг бориши бўйича 1-мониторинг тадбирлари ўтказилди. 2026 йилнинг 25 январидан 25 февраль саналари оралиғида уруғлик буғдой экилган майдонларда 2-мониторинг тадбирлари ўтказилади.

Мониторинг ишлари натижасида уруғчилик субъектлари томонидан экилган уруғлик буғдойларнинг ривожланиш ҳолатлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари, айрим буғдой далаларини уруғлик буғдой мақомидан чиқариш чоралари амалга оширилди. Айни пайтда иккинчи мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги