Олимлар Юпитер ҳақидаги тасаввурни ўзгартирди

32

50 йилдан ортиқ вақт давомида Юпитернинг ўлчами ва шакли ҳақидаги маълумот ўзгармай келган. Ниҳоят Вейцманн фан институти олимлари замонавий технология ва янги маълумотлар асосида ушбу тасаввурни қайта кўриб чиқди.

“Nature Astronomy” журналида эълон қилинган тадқиқот хулосасида Италия, АҚШ, Франция ва Швейцария олимларидан иборат халқаро жамоа Юпитернинг ўлчами ва шаклини энг юқори аниқликда ҳисоблаб чиқди.

Хусусан, аввалги ҳисоб-китобга нисбатан бироз кичик экани аниқланган сайёранинг радиуси экватор қисмида 4 километр, қутб ҳудудида эса 12 км қисқароқлиги маълум қилинди. Янги ўлчовга кўра, Юпитернинг экватор радиуси 71 484 км, қутбий радиуси эса 66 842 км. Барибир, ушбу сайёра ҳажми ҳамон Қуёш тизимида энг йирик.

Вейцман институти Ер ва сайёравий фанлар бўлими профессори Йохай Каспий таъкидлашича, ўлчамни аниқлаш учун айланма ва Ерга нисбатан масофани кузатиш етарли. Юқори аниқликка эришиш учун эса мураккаб илмий усуллар қўлланган.

Тадқиқот раҳбари доктор Эли Галанти Юпитер ҳақидаги аввалги маълумот NASA ҳузуридаги “Voyager” ва “Pioneer” миссиялари давомида олинган ва атиги олти ўлчовга асосланган эди. “Juno” аппарати орқали амалга оширилган бу галги тажриба эса 26 замонавий ўлчов натижасига таянган.

Ф.Яхшибоева, ЎзА