Депутат ва ёшлар учрашуви

38

Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва замонавий касбларга йўналтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳудудларда «Креатив тадбиркор ёшлар» лойиҳаси доирасида қатор  самарали учрашувлар ташкил этилмоқда.

Ҳусусан, ЎзЛиДеПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова Хўжайли туманида жойлашган Ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказида маҳалланинг креатив ва ташаббускор ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда бугунги кунда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, айниқса таълим, тадбиркорлик, рақамли технологиялар ва инновация соҳаларидаги янги шароитлар муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига замонавий Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази барпо этилмоқда. 2026–2030 йилларда ушбу марказни ривожлантириш учун 400 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши режалаштирилган.

Марказ ҳудудида IT университети, стартаплар технопарки, инновацион гуруҳлар, лойиҳа офислари, ишлаб чиқариш корхоналари, турар жойлар, шунингдек ижтимоий ва маданий-маърифий объектлар ташкил этилиши ёшлар учун мутлақо янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу эса ёшларнинг замонавий билим олиши, ўз бизнес ғояларини амалга ошириши ва доимий иш ўринлари билан таъминланишига хизмат қилади.

Учрашув доирасида ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси асосида “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” мавзусида очиқ ва самимий суҳбат ҳам ташкил этилди. Унда депутат Гулжан Халмуратова, партия фаоллари, ёш мутахассислар иштирок этиб, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва IT соҳасида ёшлар учун очилаётган истиқболлар ҳақида фикр алмашдилар.

Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, марказ ҳудудида келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларда фаол иштирок этиш истакларини билдирдилар. Депутат ёшларнинг бундай ташаббуслари партия томонидан доимий қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

                                                                     Қорақалпоғистон ахборот агентлиги