“Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси Хўжайли туманида

Олдин хабар берганимиздек, O‘zLiDeP ташаббуси билан амалга оширилаётган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасидаги кўрик-танловнинг маҳалла босқичлари изчиллик билан ташкил этилмоқда.
Жумладан, O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси ва Хўжайли туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Хўжайли туманидаги “Қумбиз”, «Қирқинчи» ва “Шағала кўл” маҳаллалари хотин-қизлари иштирокида танловнинг маҳалла босқичи ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова ҳам иштирок этиб, маҳаллаларда фаолият юритувчи аёлларнинг тажрибаси ва ютуқларини юқори баҳолади.
“Қириқ қиз текстиль” МЧЖ ательесида бўлиб ўтган тадбирда тадбиркор ва ҳунарманд аёлларнинг иш тажрибаси, касбий маҳорати, ташаббускорлиги ҳамда ижтимоий фаоллиги асосий мезонлар бўйича баҳоланди. МЧЖ бошлиғи Наргул Қудайбергенова миллий кийим-кечак, кўрпа-тўшак, миллий ва замонавий келинчак кўйлаклари ҳамда тўй анжомларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг маҳсулотлари нафақат маҳаллий бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам катта талабга эга.
Наргул Қудайбергенова иш фаолиятида “устоз-шогирд” анъанасини амалга татбиқ этган ҳолда, ёшларни меҳнатга жалб этмоқда. Ҳозирги кунда у 52 нафар доимий ва 70 нафар мавсумий ишчи билан ҳамкорлик қилади, уларнинг аксарияти шогирдлар ҳисобланади. Бу нафақат иш ўринлари яратиш, балки ёшларга касб ва тажриба беришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Танлов доирасида «Қирқинчи» МФЙдаги «Аida’s bakery house» ва “Шағала кўл” МФЙдаги «Sarpo Showroom» текстилида фаолият олиб бораётган ишбилармон аёллар ўз лойиҳалари ва ютуқлари билан ҳам қатнашдилар. Улар томонидан яратилган иш ўринлари, жорий этилаётган замонавий ёндашувлар ҳамда маҳалланинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар алоҳида эътироф этилди ва энг муносибларга танловнинг кейинги босқичига йўлланмалар берилди.



Қорақалпоғистон ахборот агентлиги