“Фаол ҳаётга қадам”: беморларни парвариш қилишнинг инсонпарвар тизими жорий этилмоқда

27

Сўнгги йилларда дунё миқёсида кексайиш билан боғлиқ нейродегенератив касалликлар: Деменция, Альцгеймер ва Паркинсон хасталиклари «юқумли бўлмаган пандемия» сифатида эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 55 миллиондан ортиқ инсон хотира ва ақлий фаолиятнинг йўқолишидан азият чекмоқда. 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 139 миллионга етиши прогноз қилинган.

Ушбу касалликлар нафақат инсоннинг хотирасини, балки унинг шахсият сифатида ўз-ўзини бошқариш қобилиятини ҳам емириб боради. Илгари бу фақат «қарилик белгиси» деб қаралган бўлса, бугунги тиббиёт бу жараённи мия ҳужайраларининг патологик нобуд бўлиши сифатида таснифлайди. Афсуски, ҳозирги кунда ушбу хасталикларни бутунлай даволаб бўлмайди, бироқ эрта босқичда тўғри парвариш ва ижтимоий мулоқот орқали касаллик кечишини 30-40 фоизгача секинлаштириш мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси  томонидан шу йилнинг 29 январида қабул қилинган қарор айнан шундай беморлар ва уларнинг оилалари учун муҳим аҳамиятга эга.

Гап шундаки, 2026 йил 1 мартдан бошлаб деменция, Паркинсон ёки Альцгеймер ташхиси қўйилган шахслар учун кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати йўлга қўйилади.

Натижа бубеморлар жамиятдан узилиб қолмайди. Кундузги марказлардаги ижтимоий фаоллик ва махсус машғулотлар мия фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, бемор яқинларининг бири унинг парвариши учун ишини ташлашга мажбур бўлмайди.

Эндиликда реестрга киритилган шахсларнинг яшаш шароитларини ҳар чоракда қайта баҳолаш ёки йиллик тиббий кўрик жадвалларини тузиш каби тўсиқлар бекор қилинди.

Ушбу ислоҳот «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоянинг сифат жиҳатидан янги, халқаро стандартларга мос босқичга чиқаётганидан далолат.

Моҳигул Қосимова, ЎзА