«A» ва «B» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2026 йил 1 февралдан «A» ва «B» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби ўзгарди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 636-сонли қарорига кўра, эндиликда назарий билимларни ўқув марказига бормасдан ҳам ўрганиш мумкин, – деди Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова. – Яъни, хоҳласангиз онлайн курсларда, офлайн курсларда ёки ўзингиз мустақил тайёрланиб ўқийсиз.
Амалиёт (руль бошқариш машғулотлари) эса мажбурий бўлиб қолади. Бу машғулотлар давлат ёки хусусий (нодавлат) автоўқув марказларида тўлиқ ўтилиши шарт. Амалиётни тўлиқ тугатгандан кейин назарий ва амалий имтиҳон топширилади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олади.
Амалиётнинг тугатилганлиги ҳақидаги маълумотнома қоғозда эмас, электрон тарзда расмийлаштирилади.
Эндиликда «А» ва «B» тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.
Н.Абдураимова, ЎзА