Кадрлар тайёрлаш жараёни депутатлар назарида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Сайёра Имамованинг иштирокида Беруний туманидаги 2 ва 3-сонли техникумларда ва Элликқалъа туманидаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов, Беруний тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Давронбек Каримов, халқ депутатлари Беруний туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, техникумларнинг ўқитувчилари, ўқувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар томонидан таъкидланганидек, Мурожаатномада 2026 йилдан бошлаб илғор хорижий таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сони 100 тага етказилиши, дуал таълим асосида ўқиётган 100 минг нафар ўқувчига стипендия тўланиши ҳамда аъло баҳоларга ўқиётганларга оширилган миқдордаги стипендиялар берилиши белгиланган. Таълимнинг назария ва амалиёт билан уйғунлиги, дуал таълим тизимининг жорий этилгани малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Депутатлар ушбу таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишди. 2-сонли техникумда замонавий ўқув хоналари, автодром ва лабораториялар ташкил этилган. 3-сонли техникумда замонавий ўқув хоналари, автомобиль ҳайдаш, таъмирлаш хоналари ва устахоналар махсус ускуналар билан жихозланган бўлиб, ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, спорт зали инвентарлар билан таъминланган.
Учрашувда таъкидланганидек, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори тизимини яратиш устувор вазифа этиб белгиланган. 2026 йилдан барча ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникумлари ва “Касблар шаҳарчаси” ташкил этилади. Шунингдек, битирувчилар ва иш берувчиларни боғловчи рақамли экотизим йўлга қўйилади.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда иштирокчилар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги