Депутат ва ёшлар: креатив ғоялар ва сунъий интеллект масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида “Қирантаў” ОФЙ ҳудудида жойлашган ихтисослаштирилган мактабда ЎзЛиДеПдан маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ёш мутахассислар, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахытбай Алдамуратов иштирок этиб, “Депутат ва ёшлар” мулоқоти ҳамда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида ёшлар билан очиқ ва самимий суҳбат олиб борди.
Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва робототехника соҳаларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Мазкур йўналишларда билим ва кўникмаларга эга бўлган ёшлар меҳнат бозорида юқори рақобатбардош ҳисобланади. Шу боис, умумтаълим мактабларида IT йўналишидаги тўгараклар фаолиятини ривожлантириш, робототехника ва дастурлаш асосларини ўқитиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида ёшлар ўзларининг креатив ғоялари, инновацион ишланмалари ва тадбиркорлик ташаббуслари билан депутатларни таништириб, IT соҳасидаги илк ютуқлари билан ўртоқлашдилар. Меҳмонлар эса ёшларнинг ижодий ва инновацион салоҳиятини тадбиркорлик фаолияти орқали рўёбга чиқариш бўйича қимматли тавсия ва маслаҳатлар бердилар.
Шунингдек, “Депутат ва ёшлар” мулоқоти давомида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг қонун ижодкорлиги ва давлат бошқарувидаги иштироки масалалари муҳокама қилинди. Депутат ёшларни фаол фуқаролик позициясига эга бўлишга, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасликка чорлади ҳамда уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Тадбир давомида умумтаълим мактабларида ёшларнинг салоҳиятини ривожлантириш, IT соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш, робототехника ва замонавий рақамли технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ҳам ўтказилди.

Учрашув якунида партия сафига қабул қилинган мактаб ўқитувчиларига аъзолик гувоҳномалари топширилди, шунингдек фаол ва ташаббускор ўқувчилар китоблар билан рағбатлантирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги