Алимент ундириш билан боғлиқ мурожат ижобий ҳал қилинди

3

Қўнғирот туманида яшовчи Т.А. оиласидаги келишмовчилик оқибатида ёш она Р.М. уч нафар фарзандини бағрига босиб, ота уйига кетишга мажбур бўлди. Орадан анча вақт ўтса-да, боланинг отаси на фарзандининг, на турмуш ўртоғининг ҳолидан хабар олди, на моддий ёрдам кўрсатди.

Фарзандларини якка ўзи боқаётган она қийналгач, Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қолдиришга мажбур бўлди. Унинг аризаси Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Мурожаатлар билан ишлаш шуъбасига келиб тушгач, кўриб чиқилиб, алимент тўлашдан бўйин товлаб келган бағритош отага нисбатан чора кўриш учун Мажбурий ижро бюроси Қўнғирот туман бўлимига кўрсатма берилди.

Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари чоғида қарздор ота бу ишининг якуни яхши бўлмаслигини, оталик масъулиятини ҳис этди. Ундан қарийб 36 миллион сўм алимент қарздорлиги тўлиқ ундириб олинди.

– Амалдаги қонунчиликка кўра, алимент вояга етмаган фарзандлар, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз ота-онанинг қонуний ҳуқуқи ҳисобланади, – дейди МИБ ҚР бошқармаси Мурожаатлар билан ишлаш шуъбаси катта инспектори Қахрамон Турсунбоев. – Уни тўлаш мажбуриятидан бўйин товлаш қонун олдида жавобгарликка олиб келиши мумкин. Қўнғиротлик алиментчи отанинг қилмиши ҳам бунга яққол далил бўлади.

Алимент қарздорлиги тўлиқ ундирилгач, давлат ижрочилари Т.А.га жигаргўшалари учун белгиланган алимент маблағини ўз вақтида тўлаб бориш юзасидан тавсияларини бериб, унинг оқибатларини қайта тушунтирди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги