Ўзбекистон Испания сайёҳлари учун жозибали йўналишга айланмоқда

7

Жаҳон туризм бозорида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Бой тарих, бетакрор меъморий обидалар, миллий анъаналар ва меҳмондўстлик мамлакатни халқаро сайёҳлар учун жозибадор йўналишга айлантирмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда Европа давлатлари, хусусан, Испаниядан келаётган сайёҳлар сонининг ошиб бораётгани Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги нуфузи ортиб бораётганини кўрсатади.

Испаниянинг туризм соҳасига ихтисослашган “Agenttravel” нашрида эълон қилинишича, Ўзбекистон Европа сайёҳларининг эътиборини тобора кўпроқ жалб этаётган энг истиқболли туризм йўналишларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бораётган нуфузли давлатлар қаторида.

Нашрга кўра, мамлакат Албания ва Грузия қаторида анъанавий туристик маршрутлардан ташқарида янги таассуротлар излаётган сайёҳлар учун жозибали йўналишлар сафига киритилган.

Қизиқишлар аввало, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, Марказий Осиёга хос экзотикаси ҳамда транспорт имкониятларининг яхшиланиши билан боғлиқ. Хусусан, Европа давлатлари билан авиаалоқаларнинг кенгайиши, жумладан Испаниядан тўғридан-тўғри авиарейсларнинг йўлга қўйилиши сайёҳлар учун сафарларни анча енгиллаштирди.

Шунингдек, мамлакатга кириб келаётган сайёҳлар оқимининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Ўзбекистон Буюк Ипак йўли бўйлаб ташкил этиладиган маданий-маърифий саёҳатлар дастурларига тобора кўпроқ киритилмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Хива нафақат тарихий шаҳарлар, балки ўзгача муҳит, бой анъаналар ва юксак меҳмондўстликни мужассам этган тўлақонли туризм брендларига айланиб бормоқда.

Соҳадаги экспертлар фикрига кўра, Ўзбекистон халқаро туризм бозорида янада юқори натижаларга эришиш учун барча зарур салоҳиятга эга.

Инфратузилмани ривожлантириш суръатларини сақлаб қолиш, хорижда мамлакатнинг туризм имкониятларини фаол тарғиб қилиш ва авиақатновларни қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистон европалик сайёҳлар учун энг муҳим янги туристик кашфиётлардан бирига айланиши мумкин.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА