Маъмурий судда бир кун: судьялар ёшлар билан суҳбатлашди

Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий судида талаба-ёшлар иштирокида «Очиқ эшиклар куни» тадбири ташкил этилди.
Ушбу ташаббус ёшларни суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан яқиндан таништириш, суд ишларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш, шунингдек, суд тизимида коррупцияга қарши курашишга қаратилган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилди.
Тадбир давомида судьялар томонидан маъмурий судларнинг асосий вазифалари, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни ҳамда судларга мурожаат қилишда яратилган замонавий қулайликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Айниқса, суд тизимида жорий этилган интерактив хизматлар, электрон мурожаатлар, рақамли суд жараёнларининг афзалликлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, иштирокчилар суд заллари, идора, архив ва бошқа хизмат хоналари билан танишиб, суд ишлари амалда қандай ташкил этилаётганига гувоҳ бўлди. Бу эса, ёшларда судларга нисбатан ишонч ва холис муносабатни шакллантиришга хизмат қилди.
Очиқ мулоқот давомида талабалар учун интерфаол ўйин ўтказилиб, унда судьялар томонидан берилган ҳуқуқий саволларга ёшлар жавоб бериш билан бирга, улардан батафсил маълумотлар олиш имкониятига эга бўлди. Фаол, билими ва қизиқувчанлиги билан ажралиб турган талабаларга эса маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган турли китоблар совға қилинди.

«Очиқ эшиклар куни» тадбири ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда, судлар фаолиятига нисбатан очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги