Пухта ўйланмасдан олинган кредит сизга ортиқча юк бўлади

Ипотека банк кредитлаш масаласида масъулиятли ва онгли ёндашувни тарғиб этишга қаратилган янги ташаббусини эълон қилди.
Банк таъкидлашича, кредитнинг ўзи муаммо эмас — у муайян вазиятда тезкор ечим бўлиши мумкин. Бироқ кредит пухта ўйлаб кўрилмасдан, ҳисоб-китобсиз ва оқибатлари инобатга олинмасдан расмийлаштирилса, у ортиқча молиявий юк ва узоқ муддатли қийинчиликларга олиб келиши мумкин.
Мутахассислар кредит олишдан аввал, аввало, шахсий бюджетни холис баҳолаш зарурлигини қайд этишади. Бунинг учун барча доимий даромадлар ва мажбурий харажатлар — ижара, коммунал тўловлар, озиқ-овқат, транспорт, алоқа ва бошқа мунтазам сарфлар ҳисоблаб чиқилиши лозим. Шундан кейингина ҳар ой эркин фойдаланиш мумкин бўлган маблағ миқдорини аниқ белгилаш мумкин бўлади.
Тавсия этилишича, қарзлар бўйича ойлик тўловлар умумий барқарор даромаднинг 30–40 фоизидан ошмаслиги керак. Акс ҳолда, иш ҳақи кечикиши, соғлиқ билан боғлиқ кутилмаган харажатлар ёки шошилинч таъмирлаш ишлари молиявий барқарорликни издан чиқариши мумкин.
Агар фуқаронинг аллақачон мавжуд кредит мажбуриятлари бўлса, янги кредит расмийлаштиришдан олдин уларнинг муддати ва фоиз ставкалари синчиклаб таҳлил қилиниши зарур. Айрим ҳолатларда янги қарз олишдан кўра, мавжуд мажбуриятларни тартибга солиш ёки қайта молиялаштириш анча мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин.
Банк мутахассислари кенг тарқалган хатолардан бири сифатида кредитни фақат ойлик тўлов миқдорига қараб баҳолашни кўрсатишади. Тўлов қулай кўрингани билан, узоқ муддатли кредитлар ортиқча тўловнинг сезиларли даражада ошишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли кредитнинг якуний қиймати ва банкка қайтариладиган умумий сумма ҳар доим олдиндан солиштириб чиқилиши лозим.
Шунингдек, кредит доимий пул етишмовчилигини ёпиш воситаси сифатида қаралмаслиги кераклиги алоҳида таъкидланади. Агар маблағ асосий эҳтиёжларни қоплашга етмаётган бўлса, қарз олиш муаммони вақтинча кечиктиради, холос. Бундай вазиятда бюджетни қайта кўриб чиқиш, даромад манбаларини таҳлил қилиш ва харажатлар устуворлигини белгилаш муҳим.
Молиявий хавфсизлик ёстиғига эга бўлиш ҳам барқарорликнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Мутахассислар камида уч ойлик даромадга тенг жамғарма шакллантиришни тавсия этишади. Бу кутилмаган ҳолатларда қўшимча босимни камайтиради.
Ипотека банкнинг қайд этишича, агар кредит олиш жараёнида шахсда иккиланиш ёки хавотир пайдо бўлса, бу сигналларга жиддий эътибор қаратиш лозим. Кредитни кейинроқ ҳам олиш мумкин, аммо шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарорнинг оқибатлари йиллар давомида сезилиши мумкин.
Банк ушбу ташаббус орқали кредит инсоннинг реал имкониятларига мос, тушунарли ва бажарилиши мумкин бўлган молиявий ечим бўлиши кераклигини таъкидлайди. Ипотека банкга кўра, онгли ва масъулиятли молиявий қарорлар нафақат ортиқча босимни камайтиради, балки барқарор ривожланиш учун мустаҳкам замин яратади.
Нозимбек Мардонов ЎзА