Ўзбекистон – Туркия: Ҳатайдаги “Ўзбекистон” мажмуаси – қардошликнинг ёрқин рамзи

23

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида қардош давлатлар билан муносабатларни аниқ мақсад ва амалий натижалар асосида ривожлантириш устувор йўналишга айланди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққан муҳим сиёсий воқеа бўлди.

Анқара шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий мулоқот доимий, очиқ ҳамда ўзаро ишончга асосланганини яна бир бор тасдиқлади. Томонларнинг минтақавий хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва халқаро ҳамкорлик масалалари юзасидан ўзаро яқин позицияларга эгалиги икки давлат ўртасида қабул қилинаётган қарорларнинг узоқ муддатли ва барқарор бўлишини таъминлайди.

Ташриф доирасидаги энг муҳим воқеалардан бири  –Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиши бўлди. Уч йил аввал содир бўлган кучли зилзила натижасида Туркиянинг қатор ҳудудлари катта иқтисодий ва ижтимоий зарар кўрган эди. Ўзбекистон ушбу офатнинг илк кунларидан бошлаб Туркияга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатган давлатлар сафида бўлди.

Хусусан, зилзила ҳудудига 100 нафар қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими юборилди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 нафар инсон тирик қолинди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан қутқариб олинди. Ўзбекистон томонидан ташкил этилган дала шифохонасида 4 минг нафардан ортиқ беморга тиббий ёрдам кўрсатилди. Бу кўрсаткичлар кўрсатилган ёрдамнинг рамзий эмас, балки аниқ ва самарали бўлганини яққол намоён этади.

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан қисқа муддатда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 24 та кўп қаватли уйдан иборат, 300 дан ортиқ тўлиқ жиҳозланган хонадонларга эга турар жой мажмуаси барпо этилди. Мажмуа барча зарур муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма объектлари билан таъминланган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Ўзбекистон – Туркия иқтисодий ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда барқарор ўсиб, 3 миллиард долларга етди. Ўтган йили қўшма корхоналар сони 2,2 мингдан ошди, ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми эса 10 миллиард долларни ташкил қилди. Келгуси йилларда савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасида ҳафтада 100 га яқин авиаташув амалга оширилмоқда, Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида 9 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Ташриф доирасида саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, эркин иқтисодий зоналарда турк сармоясини жалб этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур лойиҳалар доирасида бир неча мингта янги иш ўринлари яратилиши, замонавий технологиялар ва бошқарув тажрибаси жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ташриф давомида Истанбул шаҳрининг Бекиркўй туманида Ўзбекистоннинг хориждаги илк мактаби қурилиши бошланди. Ушбу таълим муассасаси Туркияда яшаётган ўзбек фуқароларининг фарзандларига она тилида таълим олиш, миллий маданият ва анъаналарни сақлаш имконини яратади. Бу ташаббус таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги – институционал босқичи ҳисобланади. Мактабда замонавий таълим технологиялари жорий этилади ва у икки давлат ўртасида билим ҳамда маданият алмашинуви учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи Ўзбекистон – Туркия муносабатларини декларатив даражадан аниқ амалий ҳамкорлик босқичига олиб чиқди.

Ҳатайдаги “Ўзбекистон” турар жой мажмуаси, имзоланган иқтисодий келишувлар ва Истанбулда қурилиши бошланган ўзбек мактаби икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг ёрқин ифодасидир.

Давлатлар ўртасидаги келишувларнинг сифатли ва самарали амалга оширилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва парламентлараро комиссиялар фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат қардош давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки имзоланган иқтисодий ва ижтимоий лойиҳаларнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлайди ҳамда икки давлат стратегик шериклигининг самарадорлигини оширади.

 

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 ЎзА