«Еттилик» самарали ишласа, маҳаллада муаммо қолмайди

12

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова Қўнғирот туманидаги Қоратол маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла фаоллари ва «еттилик» аъзолари билан учрашди.

Учрашувда Президентимиз томонидан камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселекторда ушбу тизим олдига қўйилган вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг 27 январь куни Президент Ш.Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказиш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

– «Еттилик»ка ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайдиган асосий куч сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Чунки бу тизимнинг ишлаши учун зарур барча шароитлар яратилган. Агар маҳаллада ишсизлик ёки камбағаллик билан боғлиқ муаммолар кўп бўлса, демак, бу тизимнинг яхши ишламаётганига боғлиқ, – дейди депутат Г.Халмуратова.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ушбу маҳалладаги 765 та хонадонда 3373 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Ушбу маҳалла аҳолиси учун ичимлик суви билан боғлиқ масалалар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, депутат бу муаммоларни бартараф этиш ва маҳалла аҳолисининг турмуш даражасини ошириш чораларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашувлар давомида халқ вакили 41-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, бу ердаги шароитларни кўздан кечирди. 1991 йилда ташкил этилган ушбу мактаб 3 марта реконструкция қилинган. Айни пайтда 60 дан ортиқ педагог 598 нафар ўқувчи билан иш олиб бормоқда.

Депутат ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатлашиб, таълим йўналишидаги янгиликлар, Президент Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган олтита устувор йўналиш, шунингдек, такомиллаштирилаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий мақсади ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди.

Эътиборлиси, ушбу мактаб 3 марта Ташаббусли бюджетда ғолиб бўлди. Бунинг эвазига мактаб учун зарур асбоб-ускуналар сотиб олиниб, майсазорлар барпо этилди. Базавий техникалари яхшиланди.

Учрашувлар давомида маҳалла аҳолиси депутатга ўзларининг фикр-таклифлари, мурожаатларини билдириб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги