Яшил энергетикани ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борилди

21

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрмановнинг Хитойнинг «Shenzhen Anxun Technology Cо. Ltd.» компанияси делегацияси аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда яшил энергия ишлаб чиқариш, юқори самарали энергия сақлаш тизимлари ва янги авлод ҳисоблаш маркази (Data Centre) яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.

Компания вице-президенти Ю.Вейбиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистонни танлашга қатор омиллар, жумладан, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастури доирасида юқори технологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзлари, мамлакатнинг Марказий Осиёдаги транспорт-коммуникация маркази сифатидаги географик жойлашуви, қуёш энергетикасининг улкан салоҳияти (йилига 3000 соатдан ортиқ қуёш нурланиши) асос бўлган.

Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, келгусида аниқ лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.

Маълумот учун, «Shenzhen Anxun Technology Cо. Ltd.» компанияси 2016 йилда ташкил этилган. Шенчжен шаҳрида жойлашган. Сунъий интеллект, ҳисоблаш қуввати, киберхавфсизлик ва махсус ASIC (Samsung) чипларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Хитойнинг миллий юқори технологик корхоналаридан бири ҳисобланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги