МИБ: Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 118 миллиард сўм пул маблағлари ундириб берилди

16

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар якунлари ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаш мақсадида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан маърузалар қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, суд-ҳуқуқ тизими тубдан такомиллашмоқда.

– Бошқарманинг барча ҳудудий бўлимлари ва туманлараро бўлим давлат ижрочилари иш юритувида бўлган умумий қиймати 5 триллион
879 миллиард 592 миллион сўмни ташкил этувчи 584 минг 704 та ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Натижада 3 триллион 866 миллиард 659 миллион сўмлик 375 минг 445 та ижро ҳужжатлари тамомланди, шунингдек 1 триллион 485 миллиард 571 миллион сўмлик 268 минг 999 та ижро ҳужжатларининг амалда ижроси таъминланди, – дейди Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқарма бошлиғи Ислом Арзиев. – Шунингдек, алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви бўйича 18 минг 861 та ижро ҳужжати юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 4 минг 898 та ижро ҳужжати тамомланди (ёки тугатилди). Айни пайтда жорий йил бошига қолдиқ бўлиб ўтган 13 минг 963 та ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига жами 118 миллиард сўм маблағ ундирилиб, шундан 114 миллиард сўми алимент олувчиларнинг пластик карталарига ўтказиб берилди.

Йиғилишда соҳа фаолиятидаги ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим туман бўлим бошлиқлари ва давлат ижрочилари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилиниб, уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Ҳайъат йиғилиши якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги