Марифат ва тараққиёт: ёшлар келажаги йулида

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари, спорт соҳасининг фидойилари иштирокида маънавий-маърифий ва таълим-тарбия йўналишида муҳим аҳамиятга эга бўлган маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Қ.Қодиров олиб борди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими С. Юсупов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М. Атамуратов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Б.Алимов, марказ бўлим бошлиғи А.Саидов, марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т. Атамуратов ҳамда бир қатор зиёлилар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги олиб борилаётган ишлар, ёшлар билан ишлашда илм-фан, таълим, маданият, санъат ва спортнинг ўрни, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Зиёлилар билан очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашув давомида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бу борада замонавий ёндашувни жорий этиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида билдирилган таклиф ва ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш, соҳалар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш бўйича муҳим таклифлар ишлаб чиқилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги