Нураб кетган уйлар ўрнида — бахтли ҳаёт бошланди

«Ўз уйинг, ўлан тўшагинг» – деган гап бекорга айтилмаган. Чунки, оилали одамга ижарама-ижара юриб кун кечиргандан қийин нарса йўқ.
Янги Ўзбекистон шароитида «Инсон қадри – энг олий қадрият» деб ҳисобланиб, халқни рози қилиш учун кўплаб йирик ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида чиқарган махсус Фармон ва қарорлари халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февраль кунги «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларни яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 52-сонли қарори асосида, республикамизнинг барча ҳудудларида кўплаб ишлар амалга оширилди.
– Нукус шаҳри бўйича ушбу қарор асосида, 1101 нафар ёрдамга муҳтож фуқароларнинг турар жойи томи шиферланиб, ўта оғир шароитда яшаётганларга янги уйлар қуриб берилди, – дейди шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Элмира Сагалатдинова. – Бундай эзгу ишлар шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳали ҳам давом этмоқда.
– Фарзандимни ёлғиз ўзим тарбиялаб, уй-жойимни таъмирлашга имконим йўқ эди, – дейди Тадбиркорлар маҳалласи фуқаролар йиғини фуқароси Қ.Мирзағалиева. – Муҳтарам Президентимизнинг оталарча ғамхўрлиги туфайли, бизларга ҳам барча қулай шароитларга эга замонавий уй қуриб берилди. Ҳозир шу уйда тинч-тотув, ўзаро аҳиллик билан ҳаёт кечирмоқдамиз. Бунинг учун раҳбарларимизга катта раҳмат айтаман.
– Ҳудудимизда 577 та хонадонда 2800 дан зиёд халқ яшайди, -дейди Тадбиркорлар ҳудуди маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Гулара Бабаниязова. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февраль кунги «Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 52-сонли қарори асосида, оғир шароитда яшаётган 3 та хонадонга янги уй қуриб берилган бўлса, 150 та хонадоннинг томлари шиферланди. Шунингдек, кўчаларга қум-шағал аралашмаси ётқизилиб, ичимлик суви ва газ тармоқлари таъмирлаб берилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
– Эски уйимиз бундан эллик тўрт йил олдин қурилиб, нураб кетган эди, – дейди Турон маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси Турдигул Абдижамилова. – Турмуш ўртоғим барвақт вафот этиб, 3 нафар фарзанд билан қолган эдим. Турмушнинг ташвиши билан бўлиб, уйимизни тузатолмадик. Шунинг натижасида, тепамиздан сув ўтиб, аянчли аҳволда яшаётган эдик. Президентимизнинг биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббуси ва республика ҳукуматининг қарори асосида, бизларга ҳам барча қулай шароитларга эга янги уй қуриб берилди. Бунинг учун ҳурматли Президентимизга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Нукус шаҳри ҳокимлигига катта раҳмат айтаман. Илоё, барака топсин.
Нукус шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан ташкил этилган медиатур давомида, пойтахтимизда Президентимизнинг оталарча ғамхўрлиги билан қилинаётган шундай эзгу ишларни кўриб кўнглимиз кўтарилиб, шундай инсон қадри баланд бўлган, тинч мамлакатда яшаётганимдан фахрландим.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси