Техника ва инсон тафаккури ўртасидаги мувозанат
Мулоҳаза
Ҳар бир инсон қайсидир жиҳати билан бошқалардан ажралиб туради. Кимдир ақлбовар қилмас жисмоний машқлар бажара олса, яна кимдир узундан-узун матнларни ёдлайдиган даражада кучли хотирага эга бўлади. Аслида, буларнинг барчаси истеъдод саналади. Шуни айтиш керакки, фақатгина санъат ва ижод аҳлинигина истеъдодли деган қарашлар унчалик тўғри эмас. Негаки, бетакрор суръат чизадиган рассом футбол майдонида 30 дақиқа тўп тепа олмаслиги мумкин. Ҳар иккисида ҳам аслида айнан меҳнат ва истеъдод уйғун. Футболчида ҳам, рассомда ҳам. Фавқулодда кучли ва тезкор бўлган инсон хотираси ҳам истеъдод ва машаққатли меҳнат маҳсули.
Таассуфки, бугунги кунда ана шундай кучли хотирага эга кишилар камайиб бормоқда. Ҳар бир тараққиётдан кўзланган мақсад шубҳасиз инсонга қулайликдан иборат. Аммо техник имкониятларнинг кенгайгани, маълумотлар манбаси ўз қўлимизда экани хотиранинг ҳам сусайишига олиб келмоқда. Телефон, компьютер каби қурилмаларга бутунлай таяниб қолиш оқибатида кундалик турмушдаги баъзи илмларни ҳам унутиб қўяётганимиз ачинарли.
– Бундан 15- 20 йил бурун исталган кишини кўчада тўхтатиб, шеър сўрасангиз, деярли ҳамма айтиб бера оларди. Бугунги кунда эса ҳатто шоирларнинг аксари ҳам телефонга қараб шеър ўқиб беради, – дейди Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, шоир Баҳрилло Бердиев. – Масалани бежиз шеърга боғламадим. Чунки хотирани мустаҳкамлаш, тафаккурни кенгайтиришнинг энг яхши ечими бу шеър ёдлашдир. Шунинг учун ўқувчилар ўртасида китобхонлик билан бирга шеърхонликни ҳам юксалтириш шарт деб ўйлайман. Айниқса, баҳрибайт ўйинини оммавий тарзда кучайтириб, шунга яраша рағбат масалаларини ҳам ташкил этсак, келажак авлоднинг табиий хотирасини сақлаб қолишга мувофиқ бўламиз. Бу кетишда сунъий интеллектга бутунлай боғланиб қолсак, бизнинг ҳам роботдан фарқимиз қолмайди.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг ўзлигини ифодаловчи энг муҳим омил унинг маънавиятидир. Айниқса, ўзининг бетакрор хотираси ва тафаккури билан донг таратган Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ зотларнинг зурриётлари уларга муносиб авлод бўлмоғи лозим.
Шундагина давлатимиз раҳбари таъкидлаётган Учинчи Ренессанс даврини қурмоғимиз мумкин.
Шербек Исломов, ЎзА