Янгиланаётган «Қутли макан»

38

Бугунги кунда Ўзбекистонда бошқарув тизими бошқа хорижий давлатларда учрамайдиган миллий модел – маҳалла институти асосида амалга оширилмоқда. Яъни аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, манзилли ижтимоий ҳимоя масалалари бевосита маҳаллаларда кўриб чиқилиб, муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этадиган халқчил тизим яратилди. «Ташаббусли бюджет,» «Маҳалла фаоли» каби институтларнинг жорий этилиши муаммоларга юқоридан эмас, қуйидан ечим топилишига замин яратди.

Айниқса, 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши маҳалла ҳақиқатан ҳам ислоҳотлар самарасини кўриш мумкин бўлган биринчи бўғин эканининг яққол далили бўлди. Юртимиздаги маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, одамларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш борасида Президентимизнинг топшириқлари асосида олиб борилаётган кенг кўламли амалий ишлар «Қутли макан» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ўзининг ижобий натижаларини кўрсата бошлади.

Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва давом этмоқда. Ўтган йили ҳудуддаги кўплаб оилаларнинг минглаб аъзолари доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредит, ссуда ва субсидиялар ажратилди, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди.

Ҳудудда яшаб келаётган 1 минг 710 оиладан 10 фоизи «Камбағал оилалар реестри»га киритилди. Жорий йилда «Лойиҳавий ёндашув» лойиҳалари асосида кредит, ссуда ва субсидия ажратиш, тадбиркорликка жалб қилиш орқали 35 та оиланинг даромадини ошириш ва реэстрдан чиқариш чоралари кўрилади. Натижада 2026 йилнинг биринчи чорагида маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланади.

Бу борада фуқаро ва хўжалик кесимида ишлаш бўйича Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани тажрибаси жорий этилмоқда. Сайхунобод тажрибаси асосида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал қатламини қисқартириш, ишсиз ва расман банд бўлмаган ёшларни ишга жойлаштириш борасида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Маҳалла аҳолисининг барча қатлами хатловдан ўтказилиб, ишсиз ва расмий банд бўлмаган фуқаролар рўйхати шакллантирилди. Хусусан, жорий йилда 5 нафар ишсиз фуқаро ва унинг оиласи қўшимча даромад манбаини яратиш учун томорқа ерларидан унумли фойдаланиш мақсадида ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш ёки мавжуд ҳунари орқали микро-лойиҳаларни амалга ошириши учун субсидия ажратиш чоралари кўрилмоқда. Натижада норасмий даромадга эга оила сифатида «Soliq.uz» платформасидан ўтказиш ҳисобига камбағалликдан чиқарилади.

– Муҳими, ижтимоий реестрда турган, лекин, меҳнатга лаёқатли, расмий даромадга эга бўлмаган фуқароларимизни даромадли қилиш, ўзининг йўлларини топиб кетишига ёрдам бериш мақсадида манзилли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди маҳалла оқсоқоли Замира Қутлимуратова. – Бу эса ўз самарасини кўрсатмай қолмайди.

– Оиламизда иқтисодий муаммолар бўлиб, бизни ташвишга солди. Шунинг учун маҳаллага мурожаат қилдим, – дейди «Қутли макан» маҳалласи фуқароси М.Жалғасбоева. – Тикувчилик бўйича уқувим борлигини билгач, менга имтиёзли кредит асосида тикув машинаси ва оверлок олишим учун рўйхатга киритилдим. Элбошимизга аҳолининг ишсиз ва даромадсиз қатламини даромадли қилишдаги жонкуярлиги учун минг раҳмат.

Янги «маҳалла бюджети» тизими амалиётга жорий этилиши натижасида аҳоли маҳаллий бюджет маблағларини аниқ эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тақсимлашда бевосита иштирок этиб, ўз муаммоларини мустақил ҳал қилмоқда. Жисмоний шахслардан олинадиган бир қатор солиқлар ва маҳалла томонидан кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган маблағларнинг 10 фоизи миқдоридаги маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш фонди бунда катта аҳамиятга эга. Ушбу маблағлар асосан маҳалладаги Науше, Толискўл ва Ҳидоят кўчаларига автомобиллар учун тезликни пасайтирувчи тўсиқлар ўрнатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, уй-жойларини таъмирлаш, маҳалланинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига жами 105 миллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

«Маҳалла еттилиги» тизими амалиётга жорий этилганидан буён аҳоли муаммоларини маҳалла даражасида ҳал этиш самарадорлиги ошиб, «еттилик»нинг ҳайъат қарорлари асосида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланмоқда. Шунингдек, турли ижтимоий «дафтар»лар орқали хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, маҳалла инфратузилмалари билан боғлиқ муаммоларга ечим топилмоқда.

Йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ички йўлларга қум-шағал аралашмаси, асфальт ётқизиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Хусусан, 2026 йилда ташаббусли бюджет ҳисобидан Ўроз оталиқ, Қўтанкўл, Ҳаким ота, Гулистон кўчалари ва Ўроз оталиқ довонида жами 26 километр узунликдаги йўллар асфалтланади. Ўтган йили эса маҳалланинг шинам янги биноси қуриб битказилди. 2025 йилда Ташаббусли бюджет ҳисобидан Ғафур Ғулом, Термиз ва Ҳидоят кўчалари асфалтланди. Маҳалла ҳудудидаги 50 га яқин савдо дўкони, 4 та умумий овқатланиш шохобчаси ва тўйхона, дорихона, 3 та сартарошхона ҳудуд кўркига кўрк бағишлаб, одамларнинг оғирини енгил қилмоқда, уларни иш билан таъминлашда қўшимча имконият бўлмоқда.

Президентимизнинг «Обод маҳалла» ва «Обод кўча» дастурлари халқимизнинг обод ва файзли хонадонларда муносиб яшаши учун зарур шароитларни яратишда муҳим ўрин тутмоқда. Маҳалла ободлиги энг аввало, хонадонлар, кўчалар ободлигидан бошланади. Шу боис биринчи навбатда маҳалладаги 1 минг 710 та уй-жойнинг ички ва ташқи кўринишини замонавий кўринишга келтириш, пардозлаш, уларнинг ҳудудида тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, томорқа ерларига тўлиқ экин экишни таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Келгуси йилда Жасмин, Нурли йўл, Янги эл, Ойтўлқин ва бошқа кўчалардаги хўжаликларни чиқиндилардан тозалаш, уй олдига 1 минг 500 туп мевали, кўчаларга 1 минг 200 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини, шунингдек, турли гулларни экиш, таъмирталаб деворларни тартибга келтириш, пардозлаш тадбирлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда «Обод маҳалла» давлат дастури, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ҳам маҳалланинг энг оғир аҳволдаги муҳтож 12 та хонадонида «Обод хонадон» тамойилини жорий этиш мақсадида уй-жойлари таъмирланиб, яшаш шароитлари яхшиланади. Шу каби маҳаллани қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш масканига айлантириш ишлари таҳсинга лойиқ.

Ўтган йили маҳаллада томорқа ерларининг суғориш тизими яхшиланди, барқарор электр энергияси ва оптик толали интернет тармоғи билан таъминланди. Ички йўллар таъмирланиб, «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонлари жорий этилди ва маҳалланинг қиёфаси бутунлай ўзгарди.

– Томорқасида деҳқончилик қиладиган маҳалламиз аҳолиси давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан жуда хурсанд бўлди, – дейди Нур сочган кўчаси оқсоқоли Б.Қосимбетов. – Айниқса, узоқ вақтлардан буён аҳолини ўйлантириб келаётган томорқаларни суғориш муаммоси ҳал этилганидан мамнунмиз. Бу амалга оширилган ишлар хонадон олдидаги томорқалардан фойдаланишнинг унумдорлигини оширади. Даромадини кўпайтиради.

Мухтасар айтганда, янги давр ислоҳотлари маҳаллани жамиятнинг чинакам таянчига айлантирди. У халқнинг ташвиш ва муаммоларини эшитадиган, жойида ўрганиб ҳал қиладиган кучга айланди. Ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар «Қутли макан»нинг номига муносиб маҳаллага айланишига замин бўлмоқда. Натижада бу ерда яшайдиган 9 мингга яқин аҳолининг турмуш тарзи тубдан ўзгармоқда.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси