Банклар ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларда янги стандартлар жорий этилди

45

Маълумки, 2025 йил 28 октябрда Марказий банк томонидан тасдиқланган “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу ўзгартиришлар истеъмолчилар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, банк хизматлари бозорида шаффофликни ошириш ҳамда қарзлар бўйича хавфларни камайтириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Қонунчиликда белгиланишича, мазкур ўзгаришлар бугун, 2026 йил 30 январдан расман кучга киради ва банклар ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларда янги стандартлар жорий этилади.

Янги қоидаларга кўра, тижорат банклари мижоз кредит шартномасини расмийлаштиришдан олдин стандарт чек‑листни тақдим этишлари шарт. Бу чек‑лист орқали хар бир истеъмолчи, кредит олиш билан боғлиқ барча хавфлар ва мажбуриятлар ҳақида олдиндан хабардор қилинади.

Кредитнинг ҳақиқий қиймати, фоизлар, хизмат ҳақлари ва бошқа харажатлар ҳақида тўлиқ маълумот олади. Чек‑листни тасдиқламай туриб кредит шартномаси тузилмайди.

Бу чора кредит олувчининг қарз олишда ҳақиқий қарор қабул қилишини таъминлайди, ноаниқ шартлардан ҳимоя қилади ва истеъмолчига қарз юки таҳлилини олиб бориш имконини беради.

Ўзгартиришларга кўра, агар фуқаро кредит тўловларини кечиктираётган бўлса, банк унга шартномани қайта кўриб чиқиш ва енгиллик бериш имконини тақдим этади. Бу жорий иқтисодий шароитда фуқароларнинг молиявий ҳолатидаги ўзгаришларга мослашиб, қарз юкини юмшатиш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Янги қоидалар билан банклар, фуқароларни ўз хоҳишидан ортиқча қарз олишга ундамаслиги, давлат томонидан ажратилаётган ижтимоий нафақалар, шу жумладан ижтимоий карта ҳисобварағига тушадиган маблағлардан қарз ундирилишига йўл қўймаслиги белгилаб берилди. Бу чоралар ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларга нисбатан адолатли муносабатни таъминлашга хизмат қилади.

Банклар учун яна бир муҳим талаб шуки, кредит беришда мижознинг розилигисиз олдиндан белгиланган белгилари ёки кредит параметрларини шакллантириб қўймаслик. Яъни ҳар бир мижоз кредит шартларини танлашда мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқ кафолатланади.

Янги тартиб билан банклар омонатларни жалб этишда фуқароларга официал ва стандарт шаклда аниқ маълумот бериш мажбуриятини ҳам олди. Бу омонатчиларга тўлиқ молиявий маълумот бериш ва ноаниқ шартлардан ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилмоқда.

Бу ўзгартиришлар мамлакатимизнинг молия секторини фақат бозор қоидаларига мувофиқлаштирмасдан, балки фуқароларни кредит қарзлари бўйича хавфдан ҳимоя қилиш, молиявий билим ва ҳуқуқларини мустаҳкамлашни ҳам назарда тутади.

Банклар мижозлар билан муносабатларда кўпроқ шаффофлик ва адолатлиликни таъминлайди. Молиявий хизматлар бозорида ишонч даражаси ошади. Қарзлар бўйича нотўғри амаллар ва қарз юки салбий оқибатлари камаяди.

Марказий банк ва молия назорати органлари томонидан бундай стандартлар жорий этилиши иқтисодий сабоқлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинмоқда. Халқаро тажрибада ушбу каби чек‑листлар ва фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи механизмлар молиявий хизматлар бозорида истеъмолчиларнинг ишонч даражасини сезиларли оширган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА