Amazon 16 000 ходимини бўшатмоқда

27

“Amazon” корпорацияси тузилмада 16 000 иш ўрни қисқартирилганини тасдиқлади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди. Шу тариқа октябрь ойидан буён бўшатилганлар сони тахминан 30 000 нафарга етди. Таркибни ихчамлаштириш даво этиши эҳтимоли ҳам истисно қилинмаяпти.

Корхона раҳбарияти маълум қилишича, ушбу жараён бош директор Энди Жэссининг самарадорликни ошириш, ортиқча қоғозбозликни камайтириш ва самарасиз йўналишлардан воз кечиш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда.

Шу кунларда “Amazon” қолган барча жисмоний савдо форматлари – “Fresh” озиқ-овқат дўкони ва “Go” маркетлари ёпилишини эълон қилди. Шунингдек, кафт орқали тўлш имконини берувчи “Amazon One” биометрик тизимидан ҳам воз кечилаётгани айтилди.

Эҳтимол, 30 000 киши тарк этаётгани 1,58 миллионлик жамоа учун кўп эмасдир. Барибир, корпоратив ходимларнинг қарийб 10 фоизини ташкил қиладиган бу миқдор “Amazon” тарихида бир йўла қисқартириш билан боғлиқ энг салмоқли удуш ҳисобланади.

Инсон ресурслари бўйича раҳбар Бэт Галлэти бу қарор билан ташкилий қатламни қисқартириш, масъулиятни ошириш ва бюрократияни бартараф этиш мақсади кўзланганини таъкидлади. Унинг айтишича, айрим бўлимларда тузилмавий ўзгаришлар давом этади.

Мутахассислар фикрича, ушбу жараён сунъий интеллект технологиялари жадал жорий этилаётганига ҳам боғлиқ. Компания раҳбарияти аввалроқ СИ воситалари кенг қўлланиши натижасида айрим вазифалар автоматлаштирилиши, натижада иш ўринлари қисқариши мумкинлигини билдирганди.

Дарвоқе, мазкур хабарлар ортидан компания акциялари 2,1 фоиз пасайган.

Д.Ҳакимов, ЎзА