Сума Чакрабарти: “Ўзбекистон очиқ ва бизнес учун қулай мамлакат сифатида танилмоқда”
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва инвестицияларни жалб этиш масалалари юзасидан фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Кўплаб иқтисодий ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда, буни мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларида яққол кўриш мумкин.
Айниқса, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ/WTO) аъзо бўлишига қаратилган жараёнда иштирок этганидан фахрланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ЖСТга аъзолик стратегик аҳамиятга эга қарор бўлиб, бу жараён кўплаб соҳаларда тизимли ва чуқур ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этди. Шу маънода, ЖСТга аъзоликка интилиш ислоҳотлар учун муҳим ҳаракатлантирувчи омилга айланди.
Шунингдек, Президент ҳузурида ташкил этилган ижро (delivery) бўлинмаси фаолияти натижаларини ҳам юқори баҳолади. Хусусан, аёллар саломатлиги, сув таъминоти ва таълим инфратузилмаси соҳаларида ушбу бўлинманинг самарали фаолияти аниқ натижалар бергани қайд этилди. Энди ушбу тажрибани янада кенгроқ кўламда жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Сума Чакрабарти Давлат бошқаруви академияси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталди. Мазкур институтларни замонавий талабларга мос равишда янгилаш ҳамда уларнинг давлат хизмати тизимини ривожлантиришдаги амалий таъсирини кучайтириш устувор мақсадлардан экани таъкидланди.
Инвестиция масаласига тўхталар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистонга салмоқли хорижий инвестициялар кириб келаётганини, эндиликда янада кенг географик минтақалардан инвесторларни жалб этиш муҳим эканини қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг очиқ, модернизацияланаётган ва бизнес юритиш учун қулай мамлакат сифатидаги имижи бу борада катта имкониятлар яратмоқда.
Жумладан, ўтган йил октябрь ойида Лондонда ўтказилган инвестицион роуд-шоу (roadshow) тадбири муваффақиятли ўтгани, кўплаб компаниялар Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти билан илк бор танишгани таъкидланди. Бу йил яна бир қатор инвестицион роуд-шоуларни, жумладан, БАА ва дунёнинг бошқа минтақаларида ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, инвесторлар, аввало, ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкам бўлган, низоларни ҳал этиш тизими халқаро стандартларга мувофиқ самарали ишлайдиган мамлакатларни танлашини таъкидлади. Шу боис, Тошкент Халқаро Тижорат Суди (TICC) ташкил этилишига катта умид боғлашини билдириб, мазкур институт инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратишини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, халқаро даражада низоларни ҳал этиш имконияти Ўзбекистонга инвестициялар оқимини янада жадаллаштиради ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди.
ЎзА