Олимлар илк бор идиш ичида қон томирларига эга мия пўстлоғини етиштиришди

Лаборатория шароитида нафақат мия пўстлоғининг миниатюра нусхаси (органоид), балки унинг шахсий қон томирлари тизими ҳам яратилди. Бу «мини-мия» ҳозиргача яратилган энг мукаммал моделлардан бири.
Бундай органоидлар 2013-йилдан бери аутизм ва шизофрения каби касалликларни ўрганишда ёрдам бериб келмоқда. Бироқ уларнинг катта камчилиги бор эди: бир неча ойдан сўнг кислород ва озуқа моддалари етишмаслиги туфайли улар нобуд бўларди. Чунки уларда қон томирлари йўқ эди.
Сан-Францискодаги Калифорния университети олимлари кортикал органоидлар атрофида қон томирлари ҳужайраларини ўстиришга муваффақ бўлишди.
Визуализация томирларнинг ичи худди ҳақиқийсидек бўшлиққа эга эканини кўрсатди.

Янги томирлар мияни зарарли моддалардан ҳимоя қилувчи гематоэнцефалик тўсиқни (барьер) шакллантира олди.
Бу технология келажакда мия касалликларини даволаш ва дори воситаларини синаб кўришда янги даврни бошлаб бериши мумкин.