Ўзбекистон – Корея: рақамли ҳуқуқшуносликда ҳамкорлик

10

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказида 2025-2026 йилларга мўлжалланган KSP (Knowledge Sharing Program) билимлар алмашинуви дастури доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган Корея Республикаси делегацияси вакиллари билан кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларининг мантиқий давоми сифатида, ҳуқуқий соҳани рақамлаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш мақсадида ташкил этилди. Учрашувда Марказ раҳбарияти ва соҳа мутахассислари Корея делегацияси билан ҳуқуқий ахборот тизимларини бошқариш ва модернизация қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.

Учрашувда Корея томони ўзларининг энг илғор ишланмалари, хусусан, сунъий интеллектга асосланган “Lawbot” тизимини намойиш этди. Ушбу тизим фойдаланувчиларга мураккаб ҳуқуқий масалаларда реал вақт режимида онлайн маслаҳат бериш имкониятига эгалиги билан аҳамиятлидир. Шунингдек, Кореяда қонун ҳужжатларини аҳолига ҳаётий вазиятлар кесимида, инфографикалар ёрдамида содда ва тушунарли тарзда етказишга хизмат қилувчи “Easy Law” (easylaw.go.kr) платформаси фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, Жанубий Кореянинг рақамли ҳукумат соҳасида дунёдаги етакчи мавқеи ушбу технологияларнинг нечоғли самарадор эканидан далолат беради.

Ўз навбатида, “Адолат” маркази мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси – Lex.uz тизимининг сўнгги йиллардаги техник трансформацияси ҳақида тақдимот ўтказди. Тизимда жорий этилган ҳужжатларни аудио шаклида тинглаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига жамоатчилик томонидан таклифлар бериш функциялари ҳамда қидирув алгоритмларининг оптималлаштирилгани кореялик мутахассисларда катта таассурот қолдирди.

Мулоқот якунида томонлар Lex.uz тизимини янада такомиллаштириш, уни бошқа давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ва истиқболдаги режаларни белгилаб олди. Кореялик мутахассислар Ўзбекистонда ҳуқуқий ахборот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва соҳадаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги мазкур стратегик шериклик ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ва аҳолига сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишда янги босқични бошлаб беришини таъкидлади.

Бу каби лойиҳалар мамлакатимизда рақамли ҳуқуқий муҳитни шакллантириш ва “Давлат – инсон учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

ЎзА