Ўзбекистон – Хитой илмий симпозиуми бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида ХХР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси 20-чақириқ 4-пленуми якунига бағишланган брифинг ҳамда “Глобал трансформация ва давлат бошқаруви” мавзусида Ўзбекистон –Хитой халқаро илмий симпозиуми бўлиб ўтди.
Тадбирлар Хитой Ижтимоий фанлар академияси (ХИФА) билан ҳамкорликда, икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда изчил ривожланаётган ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари доирасида ташкил этилди.
Дастлаб ХХР КП МҚ навбатдаги пленуми натиажаларига бағишланган брифингда ХИФА президенти, ХКП МҚ аъзоси Гао Сян Чин диёрида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, хусусан давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва глобал трансформация шароитида мамлакатни ривожлантириш стратегияси ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳим Ҳакимов ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Тўляков Ўзбекистоннинг давлат бошқарувини модернизация қилиш тажрибаси ва юртимизда амалга оширилаётган стратегик ислоҳотлар хусусида фикр билдирди.
Анжуман доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин асарларига бағишланган махсус кўргазма ташкил этилди.
Кейинги тадбир – тўрт мавзуга оид сессиядан иборат“Глобал трансформация ва давлат бошқаруви” мавзусидаги Ўзбекистон –Хитой халқаро илмий симпозиумида глобал ўзгаришлар шароитида давлат бошқаруви бўйича тажриба алмашиш, икки давлат иқтисодий ҳамкорлигининг янги босқичи, сунъий интеллект ва “Рақамли Ипак йўли” ташаббуси доирасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш истиқболи, минтақавий ҳамкорлик, “Марказий Осиё – Хитой” формати, ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик ва ривожланиш стратегияларини уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бундай илмий-эксперт платформалари шерикликни мазмунан янада бойитиш, давлат бошқаруви, иқтисодий модернизация, рақамли тараққиёт ва минтақавий барқарорлик соҳаларида аниқ амалий ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Дилшод Ҳакимов, Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА