Спортчимиз Японияда тажриба оширди

34

28 февраль – 1 март кунлари мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтадиган OTP Group Tashkent Grand Slam 2026 турнирига қизғин тайёргарлик кўраётган дзюдо бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари Япония давлатида ўтказилган 20 кунлик ўқув-машғулотларида иштирок этди.

Терма жамоамиз бош мураббийи Алексей Будолин бошчилигидаги дзюдочиларимиз белгиланган режа асосида 11-18 январь кунлари Кокушикан, 18-24 январда Токаи, 24-29 январь кунлари эса, Нихон Университети қошидаги дзюдо марказида шуғулланишди.

Ўтказилган мазкур халқаро йиғин доирасида терма жамоамиз аъзолари Япония ва Туркия терма жамоалари билан ҳамкорликда машғулотларда иштирок этди.

Аҳамиятли томони шундаки, ушбу ўқув-машғулотларда қорақалпоғистонлик ёш полвон Ерназар Сарсенбаев ҳам иштирок этиб, ўзининг маҳоратини ошириб қайтди.

– Ўқув машғулотига мамлакатимиз терма жамоасидан -60 кг вазнда Баҳром Ботуров, Самариддин Қўчқоров, -66 кг да Замоҳшари Бекмуродов, Абдураҳим Нутфуллоэв, -73 кг да Шаҳрам Аҳадов, -81 кг да Арслон Тожиев, -90 кг да Давлат Бобонов, Шаҳзодхўжа Шарипов, Умар Бозоров, -100 кг да мен ва +100 кг да Алишер Юсуповлар иштирок этди. Унда биз устозларимиздан, япониялик ва туркиялик кучли полвонларнинг татамига чиқишларидан катта тажриба олдик. Бу албатта, бизларга жуда фойдали бўлди, – дейди Ерназар Сарсенбаев.

Терма жамоамиз аъзолари бугун юртимизга етиб келади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси