Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ҳамда ETS ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

15

Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази делегацияси АҚШда ETS (Educational Testing Service) томонидан ташкил этилган халқаро саммитда иштирок этди.

Тадбир якунлари бўйича Марказ ва ETS ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ҳужжатда келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланиб, тажриба алмашиш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ҳамда баҳолаш тизимини такомиллаштириш масалалари қамраб олинди.

Шунингдек, Марказ делегацияси ETS томонидан ташкил этилган 4 кунлик ўқув-тренинг дастурларида иштирок этиб, уни муваффақиятли якунлади. Ўқув машғулотлари давомида замонавий баҳолаш ёндашувлари, тестология, илмий-тадқиқот асосида баҳолаш тизими ҳамда имтиҳонлар хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ETS таълимни баҳолаш соҳасида дунёдаги энг йирик ва нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланиб, қатор халқаро имтиҳонларни ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади. Ушбу ҳамкорлик миллий баҳолаш тизимини халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА