Маҳкумлар билан учрашувлар, масофали видео-мулоқотлар қандай ташкил этилади?

Мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида 30 мингдан ортиқ маҳкумлар жазо муддатини ўтамоқда. Уларнинг яқинлари билан учрашишлари қандай ташкил этилмоқда? Янги жорий этилган масофали видео-учрашувлар қандай тартибда амалга оширилади?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов шу масалага аниқлик киритди:
– Мамлакатимизда маҳкум ва маҳбусларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, кейинги етти-саккиз йилда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган ёки жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларга нисбатан муносабат бутунлай ўзгарди.
Билиб-билмай жиноят содир этган шахсларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас такомиллашмоқда.
Маҳкумларни сақлаш шароитлари халқаро стандарт талабларига мослаштирилмоқда ва ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаларида 30 мингдан ортиқ маҳкумлар жазо муддатини ўтаётган бўлса, ҳар бирининг 3 кишигача бўлган яқинлари, яъни икки нафар катта ва бир нафар вояга етмаган шахс бир йилда 6 маротаба маҳкум билан узоқ муддатлик (1 суткадан 3 суткагача) учрашиш ҳуқуқига эга.
Маҳкум билан бир йилда олти маротаба 2 соатлик учрашув ҳамда ўн икки марта телефон орқали сўзлашув ҳам амалдаги қонунчиликда белгиланган.
Бироқ жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкумларнинг олдига яқин қариндошлари ҳар доим ҳам келиш имкониятини топа олмаслиги мумкин. Келса ҳам вақт йўқотиши, маблағ сарфлаши уларга қимматга тушиши табиий. Бундан ташқари, белгиланган учрашувларга барча яқин қариндошларини олиб бориш имконияти йўқ.
Шу сабабли, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқда.
2026 йил 15 январда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан маҳкумларнинг масофали видео-учрашув йўли билан онлайн учрашиш имконияти яратилди.
Бу жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан доимий алоқаларини таъминлаш ва оилавий муносабатларини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.
Қолаверса, маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлиги ошади. Тузалиш йўлига ўтишга кўмаклашиш, инсонга, жамиятга, меҳнатга, ижтимоий қоидалар ва анъаналарга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантиради.
Қонун билан Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ихтиёрига кўра, телефон орқали сўзлашув ҳуқуқидан фойдаланиш билан бир қаторда масофали видео-учрашувларини ташкил этишга қаратилган нормалар киритилди. Жумладан масофали видео-учрашувларга бўлган ҳуқуқ асосий ҳуқуқлар қаторига ўтказилиб, видео-учрашувлар ташкил этиш тартиби ҳамда уларнинг сони белгиланди.
Бунда, маҳкумлар ўз хоҳишига кўра телефон орқали сўзлашувдан ёхуд масофали учрашувдан фойдаланиш мумкин.
Қайд этиш лозимки, 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда маҳкумнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши мумкинлиги белгиланган.
Янги қонун билан эса масофали видео-учрашувлар қўшимча ҳуқуқ доирасидан асосий ҳуқуқ доирасига ўтказилиши ҳамда уларнинг сони жазони ижро этиш муассасаси тартибидан келиб чиқиб телефон орқали сўзлашувлари сони билан тенглаштирилди.
Жиноят-ижроия кодексининг айрим моддаларига ҳам тегишли қўшимчалар, хусусан “масофали видео-учрашувлар” ибораси киритилди.
Қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлиги ошишига, айниқса, маҳкумларнинг яқинлари манфаатларига хизмат қилади. Қолаверса, инсон ҳуқуқлари ҳимояси таъминланиши, мамлакатимизнинг бу борадаги нуфузи ошишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА