Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати IB дастури асосида иқтидорли ўқувчиларни қабул қилмоқда

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати бугунги кунда Ўзбекистонда International Baccalaureate (IB) дастури жорий этилган нуфузли халқаро таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ушбу мактаб замонавий билим, халқаро стандартлар ва рақобатбардош муҳитни уйғунлаштирган ҳолда ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ очиб беришга хизмат қилади.
Қайд этилишича, мазкур халқаро мактаб-интернатига ҳар йили жами 60 нафар ўқувчи қабул қилинади. Шундан 40 нафар ўқувчи аниқ фанлар йўналишига, 20 нафар ўқувчи эса табиий фанлар йўналишига ажратилган квоталар асосида сараланади. Бу эса ҳар бир йўналиш бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг қизиқишларига мос таълим беришга имконият яратади.
Таълим жараёнлари асосан инглиз тилида олиб борилади. Бу ўқувчиларга халқаро миқёсда тан олинадиган билим ва кўникмаларни эгаллаш имконини беради. Шу билан бирга, ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи фанлари давлат тилида ўқитилади.
Мактабда таҳсил олиш учун умумтаълим мактабларининг 8-синф битирувчилари онлайн тарзда ариза топшириши мумкин. Қабул имтиҳонлари икки босқичда ташкил этилади ва билим ҳамда мантиқий фикрлаш даражаси асосий мезон сифатида баҳоланади.
Муҳим жиҳатлардан бири — қабул жараёнида ўқувчининг аввалги йиллардаги мактаб баҳолари инобатга олинмайди. Яъни, барча номзодлар тенг шароитда, фақат имтиҳон натижалари асосида сараланади.
Хулоса қилиб айтганда, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати билимга чанқоқ, мақсадли ва келажагини халқаро миқёсда кўрган ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА