Талабалар судьялар билан учрашди

4

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факультетида талаба-ёшларнинг ҳуқуқий онгина ва касбий кўникмаларини ошириш мақсадида судьялар иштирокида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Нукус туманлараро иқтисодий судининг раиси Қ.Хўжамуратов, судьялари Б.Баймуратов, Б.Бекмуратов ва факультетнинг ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари А.Рейимбаевлар иштирок этди.

Судьялар ўз маърузаларида судьянинг мустақиллиги, холислиги ва ҳалоллиги одил судловнинг муҳим принциплари эканини таъкидлаб, судья касбига қўйиладиган юксак ахлоқий ва ҳуқуқий талаблар ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш, суд тизимидаги ислоҳотлар ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган қонунлар, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, давлат дастурларининг аҳамияти бўйича батафсил тушунчалар берилди. Таъкидланганидек, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни ҳамда ҳисобдорликни таъминлашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Президентининг 2025 йил 26 декабрь куни Парламент ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Мурожаатда коррупция ислоҳотларга хиёнат экани, 2026 йилда бу иллатга қарши курашиш бўйича алоҳида чоралар кўрилиши белгиланганига тўхталиб ўтилди.

Жумладан, барча давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат учун масъул раҳбар ўринбосари лавозимини жорий этиш, бюджет маблағларидан фойдаланишда шахсий масъулиятни кучайтириш, эгаллаб турган ўрни ва лавозимидан қатъий назар, қонун олдида барчанинг тенглиги принципини қатъий таъминлаш вазифалари белгилаб берилгани қайд этилди. Коррупцияга қарши курашишда ҳеч бир идора ёки мансабдор шахс назоратдан четда қолмайди, комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилиш эса коррупцияга шериклик сифатида баҳоланади. Бу ёндашув жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Учрашув якунида талаба-ёшлар томонидан берилган саволларга судьялар жавоб бериб, юрист касбининг масъулияти, суд тизимида фаолият юритиш талаблари ва касбий ҳалолликнинг аҳамияти бўйича ўз фикрларини билдирди. Албатта, ўтказилган бундай учрашувлар ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни коррупцияга қарши муросасиз руҳда тарбиялашга хизмат қилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси