Қурилишда бош мақсад – аҳолига қулай яшаш шароитини яратиш

Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида вазирлик бош мутахассиси Азат Оразбаев, Кўп хонадонли уйларни бошқариш тизимини ривожлантириш ва реновация лойиҳаларини амалга ошириш бўлими бошлиғи Руслан Қалжанбаевлар томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган қурилиш ишлари, фойдаланишга топширилган ва айни пайтда қурилиши давом этаётган объектлар, 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқлари ва кўп қаватли уй-жойларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида кенг маълумот берилди.
Шунингдек, коммунал хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар, кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш сифати, инфратузилмани яхшилаш, аҳолига қулай ва узлуксиз коммунал хизмат кўрсатишни таъминлаш борасидаги режаларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтилиб, маърузалар давомида инфографика ва видеоматериаллар намойиш этилиб, соҳа бўйича статистик маълумотлар очиқ ва тушунарли тарзда тақдим этилди.
Таъкидланганидек, 2025-2026 йил куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари, иқтисодиёт тармоқлари ва кўп қаватли уй-жойларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мамлакатимиз учун муҳим вазифалардан бири бўлди. Аҳолига қулай яшаш шароитини яратиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва мавжуд инфратузилмани самарали бошқариш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Республикамизда жами 1729 та кўп квартирали уй бор. Шундан, 1400 та уй-жой 26 та бошқарув ташкилоти ва 26 та уй-жой учта уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан бошқарилмоқда, 79 та уй-жой бошқа муассасалар балансида бўлса, 224 та уй-жой ўзини ўзи бошқариш усулини танлаган, – дейди Р.Қалжанбаев.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорлари билан 11 ижтимоий турар жойнинг жорий таъмири, кўп қаватли турар жойлардан 15 турар жойда ташқи кўринишини яхшилаш ва 252 турар жойда йирик ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Республикамиз ҳудудидаги кўп квартирали уйларни бошқаришда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, кўп квартирали уйларни сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритишда шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида, биллинг тизими – «Mening uyim» электрон дастури жорий этилган. Ушбу тизим орқали кўп квартирали уйларнинг бошқарув органлари орқали мажбурий тўловлари ундирилмоқда.
Матбуот анжумани давомида иштирокчилар уй-жойларнинг иситиш тизими, канализацияси, нархи, уйларни қуришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги