«Қорақалпоғистон» посёлкасида профилактик учрашув бўлиб ўтди

5

Аввал хабар қилинганидек, божхона органларида ҳар пайшанба куни ҳуқуқбузарликларга қарши профилактик тадбирлар ташкил этилади.

«Қорақалпоғистон» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон» ОФЙ бошлиғи, профилактика инспектори ва овул аҳолиси иштирокида «Коррупцияга қарши курашиш» мавзусида навбатдаги учрашув ўтказилди.

Учрашувда фуқароларга божхона чегараларини кесиб ўтишнинг тартиб-қоидалари, товарларни божсиз олиб кириш ва олиб чиқиш меъёрлари тушунтирилиб, қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этилиши, тақиқланган товарларни ноқонуний тарзда олиб ўтишга уринмаслик кераклиги эслатилди. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан қабул қилинган фармон, қарор ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Фуқароларга божхона ходимларининг мансаб ваколатидан моддий ёки номоддий манфаат эвазига фойдаланиш, тамагирлик ҳолатларига дуч келса, Божхона қўмитасининг 11-08 ва Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг 61-224-90-86 ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш сўралди.

Бу борадаги тарғибот ишлари йўловчи поездларида божхона чегараларини кесиб ўтаётган фуқароларга ҳам тушунтириш бериш орқали давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги