Хатайда “Ўзбекистон мажмуаси” очилади

Президент ташрифи
“Ўзбекистон – Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси икки давлат муносабатлари динамикасига эътибор қаратди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан бугун, 29 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Туркиянинг машҳур нашри – “Sabah” газетасида “Ўзбекистон – Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Осман МЕСТЕНнинг фикрлари иқтибос келтирилган махсус мақола чоп этилди. Материалда давлат раҳбарлари иштирок этадиган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши ўзаро муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилган. Иқтисодиёт, инвестиция ва таълим соҳаларида янги қадамлар қўйилишига алоҳида эътибор қаратилган.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев юртимизга келмоқда. Президент ташрифи нафақат Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабат, балки тарихий ришталар билан чамбарчас боғлиқ бўлган икки дўст ва қардош давлатнинг минтақавий ва глобал ҳамкорлигини ҳам мустаҳкамлайди. Ўзбекистон аждодларимиз юрти, бу қадимий заминда қардошларимиз билан алоқаларимиз ҳар доим ривожланган, – деди Осман Местен.
Анадолуга зиё таратган авлиёлар
Гарчи аждодларимиз Х асрда Мовароуннаҳрни тарк этиб, Анадолуга келиб жойлашган бўлсалар-да, бу қадимий заминдаги биродарларимиз билан муносабатларимиз ҳеч қачон узилмаган. Зеро, Мовароуннаҳр алломалари юзлаб йиллар давомида Анадолуга, қолаверса, бутун дунёга зиё таратган. Коняга маъно келтирган Мавлоно Жалолиддин Румий, Бурсани мунаввар этган Амир Султон Бухорий, Анқарани ёритган Шайх Али Самарқандий ва Истанбул мадрасаларида илм нурини таратган Али Қушчи бу заминдан Туркияга келган 2500 дан зиёд олим ва авлиёларнинг баъзилари, холос.
Биз, турклар бу чуқур ва бой тарихни ўз тарихимиз деб биламиз. Биз Ўзбекистоннинг буюк олимларини бутун туркий дунёнинг умумий қадрияти деб ардоқлаймиз.
Дўст бошга кулфат тушганда билинади
Ўзбек қардошларимизда “дўст бошга кулфат тушганда билинади” деган ибора бор. Бу бизнинг “Дўст кара гунде белли олур” деган мақолимиз билан бир хил. Тарих шоҳидки, ушбу ҳикматлар ҳеч қачон шунчаки сўз бўлиб қолмаган, ўзбек қардошларимиз энг қийин пайтларда биз билан бирга бўлган, ҳеч қачон ёрдамини аямаган. “Аср фалокати” деб таърифланган 2023 йил 6 февралдаги зилзиладан сўнг энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири – Хатайда жаноб Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси билан барпо этилган “Ўзбекистон мажмуаси” очилишига барчамиз гувоҳ бўламиз.
Яна бир жиҳат. Ўзбек тилидаги “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” мақоли ҳам Анадолуда учраши шубҳасиз. Бу доно ҳикмат муваффақиятга эришиш учун ҳамжиҳат бўлишни англатади. Шавкат Мирзиёев даврида Ўзбекистон – Туркия муносабатлари мустаҳкамланди.
Бугунги кунда иккала томон ҳам барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда бир-бирини кенг қўллаб-қувватламоқда. Ишончимиз комилки, бу муносабатлар Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши билан янада ривожланади.
Қардош мамлакат Ўзбекистон билан савдо ҳажми 3,1 миллиард долларга етди, 5 миллиард долларлик савдо ҳажми мақсадига эришиш учун саъй-ҳаракатлар давом этяпти. 2025 йилда Туркиянинг Ўзбекистондаги инвесторлар рўйхатида 2,6 миллиард доллар билан учинчи ўринни эгаллагани жуда қувончли.
Ўзбекистонда 2100 га яқин турк компаниялари мамлакат иқтисодиёти, ривожланиши ва бандлигини қўллаб-қувватламоқда. Режеп Таййип Эрдоған ва Шавкат Мирзиёев каби раҳбарларнинг иродаси ва кучли жамоатчилик қўллаб-қувватлаши билан илгари хаёл бўлган кўплаб орзулар рўёбга чиқишига шубҳам йўқ. Бу бизнинг умумий қадриятларимиз ва биродарлик ришталаримиз туфайлидир.
Янги ғоя – “Янги Ўзбекистон”
Ўзбекистонда бўлган вақтимдаги кузатишларимга асосланиб, бир нарсани аниқ айта оламан: бугунги Ўзбекистон 10 йил аввалгидан бутунлай фарқ қилади. “Янги Ўзбекистон” ғояси таъсирини ҳамма жойда кўришингиз мумкин. Буюк ва чуқур тарихий пойдеворлар устида юксалаётган мамлакатга гувоҳ бўлмоқдамиз.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Парламент ва Ўзбекистон ҳалқига Мурожаати Янги Ўзбекистон жараёнининг қанчалик барқарор ва тез ривожланаётгани кўрсатиш баробарида, 2026 йил мамлакат учун бурилиш нуқтаси бўлишини ҳам намоён этмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўрсатилганидек, 2030 йилга бориб 160 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулотга эришиш мақсадига 2026 йилдаёқ эришиш кутилмоқда, янги мақсад қилиб эса 240 миллиард долларлик марра белгиланмоқда. Буларнинг барчаси сўнгги йиллардаги чуқур иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар туфайли имкон топмоқда.
Янги Ўзбекистон ёшлар иштирокида қурилмоқда
Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни қуришда ёшларга таянмоқда. Рақамлар билан айтганда, илгари атиги 27 фоиз бўлган болалар боғчалари ва мактабгача таълим муассасаларидаги қамров бугунги кунда 78 фоиздан ошди. 2017 йилда 8 фоиз бўлган олий таълим қамрови эса 50 фоизга яқинлашяпти. 2026 йилда Янги Ўзбекистон таълим борасида ҳам янги босқичга ўтади. Биз бунга давлат раҳбарининг Туркияга ташрифи давомида гувоҳ бўламиз. Чет элда биринчи ўзбек мактабининг қурилиши бошланади.
Учинчи Ренессанс нишоналари
Х ва ХII асрларда Биринчи Ренессанс, XV асрда эса Иккинчи Ренессансга мезбонлик қилган ҳозирги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанснинг нишоналари юзага чиқмоқда. Ушбу тасаввур ҳар бир соҳада чуқур ва жадал равишда инновацияларни амалга ошириш, технологиялар билан ҳамқадам бўлиш, фуқаролар фаровонлигини ошириш учун иқтисодиётни ривожлантиришга ва тарихда бўлгани каби билим ва тафаккурга асосланган цивилизация барпо этишга қаратилган.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази очилади
2026 йилда Ўзбекистонда кутилаётган яна бир жуда муҳим воқеа шуки, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган лойиҳа – Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг очилиши кутиляпти. Бу муаззам маскан дунёда мислсиз, десак муболаға бўлмайди. Ушбу иншоотда мамлакатнинг минг йиллик тарихи, яъни тарихимиз замонавий технологиялар ёрдамида акс эттирилади.
Дунёдаги энг қадимги Қуръони карим нусхаси – Усмон Мусҳафи марказ гумбази остидаги маконда жой олади. Ўтган йил жаноб Шавкат Мирзиёев шундай деган эди: “Ўзбекистон улуғ тарихга эга. Буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий ва маданий мерос инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Бу марказ билан танишган ҳар бир хорижлик меҳмон шундай буюк тарих ва маданиятга эга бўлган ўзбек халқига таъзим билан чиқиб кетишига ишонаман”.
ЎзА мухбири Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ тайёрлади.