86 минг ёшга халқаро имтиҳон харажатларини қоплаб бериш режалаштирилган

11

Шарҳ

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси қарийб бир ой давомида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Мазкур стратегик ҳужжатни такомиллаштириш борасида кенг тарғибот ишлари амалга оширилди. 28 январь кунига қадар давом этган жамоатчилик муҳокамаларида уч ярим мингдан ортиқ таклифлар, фикрлар келиб тушган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳасида барча тармоқлар қатори ёшлар сиёсати борасида ҳам бир қатор мақсадли кўрсаткичлар кўзда тутилган.

Жумладан, халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган 86 минг нафар ёшга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш режалаштирилган. Шунингдек, хорижий тилларни ўрганишни қўллаб-қувватлашга қаратилган 2+6 дастури орқали 100 минг нафар ёшларни жалб этиш кўзда тутилган.

Маълумки, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси ёшларнинг тил ўрганиши учун энг қулай онлайн платформага айланиб бормоқда. Стратегияда мазкур лойиҳани янада оммалаштириш ва 3 миллион нафар ёшнинг хорижий тилларни бепул (онлайн) ўрганишларини ташкил этиш мақсади белгиланган.

Шунингдек, 350 минг нафар ёшнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, 400 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал этишга эришиш, IT соҳасида 300 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш ишлари назарда тутилаётгани эътиборга молик.

Ёшларни китобхонликка жалб қилиш мақсадида “Мутоала” дастури ишлаб чиқилиб, ушбу онлайн платформада китобларнинг электрон, аудио форматлари жойлаштирилган. Эндиликда дастурни янада кенг оммалаштириш ва 2030 йилгача муддатда 4,2 миллион ёшни ушбу лойиҳага қамраб олиб, китобхонликни кенгайтириш мақсад қилинган. Бу эса ёшлар учун электрон шаклдаги китобхонлик платформасини тақдим этиш орқали уларни китоб мутоаласи билан машғуллигини таъминлашга хизмат қилади.

Умуман, ушбу стратегияда ёшлар сиёсатига оид кўзда тутилган мақсадли кўрсаткичлар юртимиз ёшларини замон талабига муносиб, интеллектуал салоҳияти юқори кадр қилиб тайёрлашга, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, иш билан бандлигига замин бўлади.

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА