Жамоат транспортида банк карталаридан фойдаланиш 2,6 баробарга ошди

26

“Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори” АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, 2025 йил давомида жамоат транспортида амалга оширилган тўлов операциялари сони сезиларли даражада ошди. Йил якунида умумий транзакциялар ҳажми 692 миллионни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 35,7 фоизга юқори бўлди.

Тўлов усуллари кесимида энг катта улуш банк карталари ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, жамоат транспортида банк карталари орқали амалга оширилган тўловлар сони 387,4 миллионтага етди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 165 фоизга кўп бўлиб, аҳолининг нақдсиз тўлов воситаларига бўлган ишончи тобора ортаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, транспорт карталари орқали амалга оширилган транзакциялар ҳам барқарор ўсишни намоён этди. 2025 йилда ушбу усул орқали 213 миллионта тўлов амалга оширилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 52 фоизлик ўсишни ташкил этди.

Инновацион тўлов хизматлари ҳам жамоат транспортида ўз ўрнини топмоқда. Хусусан, ўтган йилдан жорий этилган FacePay (юзни таниш орқали тўлов) хизмати орқали 1 миллион 89,7 минг марта тўлов амалга оширилган. Шунингдек, PalmPay — кафт орқали тўлов хизмати орқали 112 мингта транзакция қайд этилди. Бу кўрсаткичлар рақамли технологияларнинг жамоат транспорти тизимига босқичма-босқич жорий этилаётганини тасдиқлайди.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу тенденция сақланиб қолса, келгусида метрополитенда тўловлар тўлиқ нақдсиз шаклга ўтиши эҳтимоли юқори. Жорий йилда метро учун QR-билетлар орқали амалга оширилган операциялар сони 22,6 миллионтага тенг бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 3,3 баробарга камайгани билан изоҳланади. Бу эса QR-билетлар ўрнини банк карталари ва биометрик тўлов усуллари босиб бораётганини кўрсатади.

Ш.Маматуропова, ЎзА