Чет тили — имкониятлар калити: абитуриентлар учун янги имтиёзлар жорий этилди

22

Бугунги глобаллашув шароитида чет тилларини билиш ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Таълим олиш, касбий ривожланиш ва халқаро майдонда рақобатбардош бўлишда чет тили муҳим ўрин тутади.

Шу боис мамлакатимизда таълим тизимида чет тилларини ўрганишни рағбатлантиришга қаратилган янги имтиёзлар жорий этилмоқда.

Қонунчиликка  айрим  ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, фанлар мажмуасида чет тили 1-фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул қилиш хорижий тилни билиш бўйича камида B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификат асосида амалга оширилади.

Шунингдек, фанлар мажмуасида чет тили фани мавжуд бўлган таълим йўналишларига қабул жараёнида  айрим  тартиб белгиланди.

Хусусан, B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл берилади. Бундан ташқари B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга эса ушбу фандан белгиланган максимал балл тўлиқ ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, илгари фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул қилиш учун камида B2 даражадаги сертификат талаб этилар эди. Янги тартиб эса B1 даражадаги абитуриентларга ҳам қўшимча имконият яратиб, ёшларни чет тилларини ўрганишга янада кенг жалб этишга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА