2026 йил экспорт Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти драйверига айланади

16

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтириш, шунингдек юқори сифатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш асосида жаҳон бозорларидан мустаҳкам ўрин эгаллаш орқали экспорт салоҳиятини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар фаоллашди. Натижада мамлакатимиз экспорт ҳажми 2024 йил якунида 26,9 миллиард долларни ташкил этган ҳолда, 2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 13 миллиард доллар ошди.

Табиийки, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш орқали миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

Президентимиз раислигида 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йил умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланган. Тарихда илк бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт 33,8 миллиард долларга, хорижий сармоя эса 43 миллиард долларга етган. Ўтган йил 75 давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард доллар кўпайган.

– Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун ташқи савдо ва экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Ташқи савдо департаменти, Экспорт дастурларини шакллантириш ва ижросини таъминлаш бошқармаси бошлиғи  Бекзод Орипов. – Вазирлигимиз томонидан 2025 йил экспорт кўрсаткичини ошириш, белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, республика экспорти ўтган йил 23,9 миллиард долларни ёки 2024 йилга нисбатан 122 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, ҳудудлар экспорти кўрсаткичи 14,8 миллиард доллар ёки аввалги йилга нисбатан 119 фоизга чиққани барча вилоятлар экспортида юқори ўсиш суръати кузатилганини англатади. Экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар 18 фоиз ҳамда хизматлар экспорти 29 фоиз ўсди.

Божхона ҳудудида ва ташқарисида қайта ишлаш, бож ва солиқ имтиёзини қўллаш орқали муайян тартиб такомиллаштирилиши натижасида ўтган йил 1,6 миллиард долларлик маҳсулот қўшимча равишда жаҳон бозорига чиқарилди.

Эътиборлиси, 2025 йил 2 800 корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, қўшимча 2 миллиард доллар ўзлаштирилди. Айни пайт жами экспортчиларимиз 8 700 га етган.

Б.Орипов таъкидлашича, республика штаби томонидан йил давомида экспортчи корхоналар фаолияти ўрганилиб, 2 210 оғриқли масала аниқланган. 1 972 муаммо ҳал этилиб, 238 масала бўйича амалий иш давом эттирилмоқда.

Маҳаллий корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш мақсадида “IMGR” халқаро консалтинг компанияси очиқ усулда танлаб олиниб, “Экспорт акселератор” дастури ишга туширилди. Мазкур ташаббус доирасида 100 та маҳаллий корхона сўровнома асосида сараланиб, экспортни амалий қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд воситалар орқали хорижий ҳамкорлар билан шартнома имзоланди.

Савдони диверсификация қилиш ҳамда брендларни жалб қилиш йўналишида 2025 йил 12-15 май кунлари Хитойнинг Синдао ва Ханжоу шаҳарларида “Alibaba Group” корпорацияси билан ҳамкорликда 100 та маҳаллий корхона иштирокида “Alibaba Online Export Accelerator-Uzbekistan” қўшма электрон тижорат акселерация дастури ишга туширилди. Шунингдек, Россиянинг “Ozon” маркетплейи ва “Wildberries” компанияси каталогида “Made in Uzbekistan” бўлими ишга туширилиб, 1 700 га яқин маҳаллий маҳсулот жойлаштирилди. Миллий брендларни хорижда тарғиб қилиш мақсадида 17 миллий брендимиз нуфузли халқаро босма нашрлар ҳамда бизнес-каталогларга киритилди.

Россияга маҳсулот сотувини жадаллаштириш мақсадида 2 марта 10 га яқин бизнес-миссия ташкил этилиб, “Восток дистрибуция”, “Руслимас” ва “Бристол” компаниялари билан экспорт келишувига эришилди. Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида жойлашган “Aria Business Center” савдо марказидан 1200 кв.м. майдон ижарага олиниб, “Uzelectronics” мультибренд савдо маркази ташкил этилди. Шу тариқа 23 маҳаллий бренд Афғонистон бозорига кириб борди.

– Афғонистон, Тожикистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон ва Қирғизистонда савдо уйи, шоурум ва савдо омборлари ташкил этилиб, 50 дан зиёд турдаги юқори қўшилган қийматли, экспортбоп қурилиш материалларимиз намуналари жойлаштирилди, – дея сўзини давом эттиради Б.Орипов. – Миллий брендларни хорижий бозорларга олиб чиқиш мақсадида Москвадаги “Садовод” бозорида марказлаштирилган 38 савдо нуқтаси ижарага олиниб, маҳаллий тўқимачилик ва оёқ кийим брендлари жойлаштирилди. Натижада 55 миллион  долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди.

Бир сўз билан айтганда, ташқи савдони ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, натижалар салмоқли кўриниш оляпти. Табиийки, келгуси вазифалар ҳам аниқ белгиланган. Жумладан, 2026 йил экспорт ҳажмини 16 фоиз ошириш мақсад қилинган. Жумладан, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот ҳажмини 55 фоиз, хизмат кўрсатишни 35 фоиз ўстириш бўйича амалий иш олиб борилмоқда. Хорижий бозорларда миллий маҳсулотларимизга бўлган талабни ўрганиш, анъанавий бозорларни диверсификация қилиш, янги бозорларни эгаллаш учун жорий мавсум Америка, Европа, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкага янада чуқурроқ кириб бориш имкониятлари яратилмоқда.

Дунё даражасидаги 85 Халқаро кўргазма ва ярмаркаларда маҳаллий тадбиркорларимиз фаоллигини, хусусан Австралия, Финляндия, Португалия, Греция каби 15 давлатда биринчи марта иштирокини таъминлаш режаси ишлаб чиқилган.

Ишбилармонларимизнинг электрон савдо йўналишидаги билими ва кўникмасини ошириш, “Amazon.ae”, “Noon”, “Namshi”, “Jumia”, “Takealot” сингари маркетплейларда маҳсулотларимиз электрон савдосини йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда ўқув семинарлари ташкил қилинмоқда.

Хулоса шуки, 2025 йил Ўзбекистон экспорти рақамлардан ташқари самарадорлик ва салоҳият намоён этди. Ушбу жараён ҳудудларни бирлаштиради, иш ўринлари яратди, тизимга халқаро стандартларни жорий этади ва янги бозорлар очди. Жорий йил эса экспорт сиёсати мамлакатимиз учун барқарор ривожланишнинг асосий драйверига айланиши кутилмоқда.

Гўзал Сатторова,

ЎзА мухбири