Халқаро фан олимпиадаларида талаба-ёшларимиз муваффақиятга эришди

10

Бухоро давлат университетида математика фанидан BIMO-2026  ва кимё фанидан BICHO-2026  халқаро фан олимпиадалари бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда жойлашган 50 та олий ўқув юрти, шунингдек, 10 дан ортиқ хорижий давлатлардан жами 500 нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.

Халқаро фан олимпиадалари талабаларнинг ушбу фанлар бўйича билим ва салоҳиятини намойиш этиш учун муҳим майдон ҳисобланиб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Математика факультети декани Ж.Сейпуллаев ва Кимё-технология факультети декани М.Айимбетовлар раҳбарлигида иқтидорли талаба-ёшлар ўз билимларини синовдан ўтказди ва юқори натижаларга эришди. Жумладан, кимё фанидан ўтказилган олимпиадада 1-курс магистранти Маҳмуджон Нуриллаев 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль, 4-курс талабаси Нозима Ёдгарова фахрли 3-ўринни эгаллаб, бронза медали билан тақдирланди. Математика бўйича эса Индира Сатниязова, Дамир Дилмуратов ва Сункат Максатов энг юқори натижа билан олтин медалларни қўлга киритган бўлса, Даўранбек Қурбанбаев фахрли 3-ўринни эгаллади ва бронза медали билан тақдирланди. Албатта, бундай ютуқлар нафақат университет нуфузини юксалтириш, балки ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ва илм-фанга бўлган қизиқишини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси