Ортиқча дабдаба ва исрофгарчилик – халқимизнинг анъанаси эмас

24

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда «Ўзбекистон-2030» стратегиясида белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса, ёшлар онгига сингдириш, шунингдек, тўй ва маросимларда ортиқча исрофгарчилик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Чимбой туманида ҳам кенг кўламли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Чимбой тумани ҳокимининг ўринбосари, Маънавият ва маърифат Кенгаши раисининг ўринбосари А.Утемисов томонидан иш режасига мувофиқ, тумандаги Гужимли, Обод макон ва Дўстлик макон маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 43, 37 ва 36-сонли умумтаълим мактабларида аҳоли ва ўқувчи-ёшлар иштирокида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Тадбирларда Чимбой тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Г.Мамбетниязова, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими бошлиғи О.Толибеков, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими бошлиғи Қ.Мамбеткаримов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бош мутахассиси М.Бердимуратов ва Чимбой тумани «Хон» жомъе масжиди имом-хатиби И.Қазақбаевлар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққан мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида белгиланган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, маънавий-маърифий соҳадаги устувор вазифалар ва уларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оила институтини мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясида тежамкорлик, соддалик ва масъулиятлилик каби муҳим тушунчаларни қарор топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, «Маромийлик» лойиҳаси доирасида айрим тўй ва маросимларда учраётган ортиқча дабдабабозлик, исрофгарчилик ва асоссиз харажатларнинг ижтимоий ва иқтисодий салбий оқибатлари ҳақида кенг тушунчалар берилди. Бундай ҳолатлар халқимизнинг азалий миллий қадриятлари, урф-одатлари ва маънавий мезонларига мутлақо зид экани, маросимларни ихчам, тартибли ва меъёр доирасида ўтказиш жамият барқарорлиги ва оилалар фаровонлиги учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбир давомида бугунги кунда айрим тўй-маросимларда ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлиги, бундай ҳолатлар халқимизнинг миллий қадриятларига тўғри келмаслиги таъкидланди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги