Талабалар турар жойи харажатларини қоплаш бўйича янги тартиб тасдиқланди

42

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини олий таълим билан қамраб олиш ҳамда улар учун муносиб яшаш шароитларини яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Навбатдаги муҳим қадам сифатида айрим тоифадаги талабаларнинг талабалар турар жойларида яшаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сон қарори билан айрим тоифадаги талабаларнинг давлат олий таълим ташкилотлари ҳузуридаги талабалар турар жойларида (ТТЖ) яшаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланди.

Мазкур имтиёздан “Ижтимоий реестр”га киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган фарзандлари фойдаланиши мумкин. Тўловлар талабанинг грант ёки контракт асосида ўқишидан қатъи назар амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, ушбу тоифадаги талабалар талабалар турар жойларига устуворлик асосида, навбатсиз қабул қилинади. Агар олий таълим ташкилотида давлат ётоқхонаси мавжуд бўлмаса, талабаларни давлат-хусусий шериклик асосида қурилган турар жойларга жойлаштириш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, талабалар турар жойида яшаш харажатларини қоплаш учун ажратиладиган маблағлар ҳар ойнинг 15-санасига қадар талабанинг банк пластик картасига ўтказиб берилади.

Мазкур қарор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг олий таълим олиш жараёнида молиявий юкини камайтириш ҳамда таълим олиш учун тенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА